Ватан – она каби азиз ва муқаддас маъво. Унинг тараққиёти, энг аввало, тинч ва хотиржам меҳнат қилишга боғлиқ. Буни таъминлашдек ғоят шарафли вазифа ватан ҳимоячилари зиммасига юкланган. Шу боис ҳар бир ўғлон учун ўз юртига посбонлик ўзига хос ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилган айём эса ҳар йили катта шодиёна билан кутиб олинади. Халқимиз азалдан шу қутлуғ кунни эркаклар байрами сифатида нишонлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидай: "Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун мардлик, фидоийлик, ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни юртимиздаги барча ота-оналар, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.
Ҳозирги кунда ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда".
Демак, мустақиллик шарофатидан шундай дориломон замонда яшамоқдамиз. Энг муҳими, кўнглимиз тўқ. Ватан сарҳадлари ҳамиша ҳушёрлик билан қўриқланмоқда. Истиқлол йилларида Қуролли Кучларимиз мукаммал даражада шаклланди. Унинг салоҳияти ўсди ва жанговар тайёргарлиги мустаҳкамланди. Эндиликда сон жиҳатидан ихчам, ҳаракатчан, замон талабларига жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда. Замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан таъминланаётган Қуролли Кучларимиз аввало чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва интеллектуал салоҳиятли, юксак малакали кадрлар билан мустаҳкамланиши жуда зарур. Бўлажак ватан посбонларини тайёрлаш масаласига устувор аҳамият берилаётган шундан. Уларни маънавий етук ва жисмоний соғлом қилиб вояга етказиш учун ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирда мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ёшларни чақирувга тайёрлаш тадбирлари тобора такомиллаштирилмоқда. Йигитларимизни жисмонан чиниқтириш, соғломлаштириш ишлари ҳам доимо диққат марказимизда турибди. Бу саъй-ҳаракатлар мард, жасур, мустаҳкам иродали ўғлонларни тарбиялаш, уларда Ватан тақдири учун чуқур масъулият ҳиссини камол топтиришга қаратилгандир.
Бизга яхши маълумки, фарзандлари соғлом юртнинг кучига-куч, қудратига-қудрат қўшилаверади. Шунинг учун мамлакатимизда тўрт мучаси соғ, жисмоний бақувват авлодни вояга етказиш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келмоқда. Армиямиз сафларида йигитлик бурчини адо этишга сафарбар қилинаётган ёшларнинг саломатлигини чуқур текширувдан ўтказишдек шарафли ва масъулиятли вазифа шифокорлар зиммасига юклатилган. Вилоятимиздаги шаҳар ва туман чақирув комиссиялари қошида турли мутахассисликдаги тиббиётчиларимиз тиббий кўрик ўтказишмоқда. Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида эса доимий фаолиятдаги марказий тиббий чақирув комиссияси иш олиб бормоқда. Комиссиядаги юқори малакали врачлару ўрта тиббиёт ходимлари ҳарбий хизматга борадиганларни ҳар жиҳатдан янада мукаммал текширишиб, якуний хулосага келишмоқда. Бунинг учун барча зарур шарт-шароитлар ва энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар етарли.
Айни маҳалда ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантириш борасидаги тадбирларга эътибор кучайтириб бориляпти. Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрда қабул қилган "Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу соҳада ғоят муҳим аҳамиятга эга. Мутасадди ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятлари йилдан-йилга яхшиланмоқда.
Бугун – катта байрам. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги нишонланмоқда. Барчамизга қутлуғ кун муборак бўлсин! Ватанимизни кўз қорачиғидай асровчи ҳарбийларимизга ҳамиша соғу саломатлик тилаймиз!
Алихон УСМОНОВ,
ЧҚБТ раҳбари.