Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси тиббиётчиларни янги вазифалар сари илҳомлантирмоқда
Кечанинг ишидан нурафшон бугун,
Эртага пойдевор ҳар кунги ҳар иш.
Аҳил меҳнат билан ризқимиз бутун,
Ризқи бутун юртда чирой, оройиш.
Дарҳақиқат, бугун кечаги – 2022 йилга назар ташласак, барча-барча ютуқларимизга астойдил саъй-ҳаракатларимиз, қувончу шодликларимизга чеккан бетиним ташвишларимиз сабаб бўлганига яна бир бор иқрор бўламиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг янги йил арафасида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасида мамнуният билан эътироф этилганидек:
"...тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади.
...Кенг кўламли ва самарали ислоҳотларимиз натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди.
Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса, 19 миллиард долларга етди.
Бундай катта натижалар илгари бўлмаган".
Шунинг учун ижтимоий соҳаларда ҳам беқиёс ўзгаришлар рўёбга чиқарилди. Одамларнинг турмуш фаровонлиги юксалди. Ҳаётидан розилиги анча барқарорлашди. Инсонни қадрлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Соғлом турмуш тарзини шаклантириш фаоллашди. Маҳаллабай ишлаш тамойили йўлга қўйилди. Одамларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланди.
Энг муҳими, халқимизнинг ўзи атрофдаги ўзгаришларга бефарқ эмас, аксинча фаол иштирокчиси сифатида Ватан тақдири, келажак авлод камолотини чуқур ўйлаб яшаётган экан, кечаги ютуқлари билан асло қаноатланиб қолаётгани йўқ. Билимини, тажрибасини, малакасини, бор куч-қувватини мамлакат тараққиёти учун сарфлашни доимий бурчи деб билмоқда. Шундай бўлишининг асосий сабаби одамлар бор экан, жамият мавжуд, жамиятда юксак уюшқоқлик ва бирдамлик бор экан, давлат тараққиёти бардавом тусга кираверади. Мурожаатномада айтилганидай:
"Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур".
Агар эслаб кўрсангиз, кейинги даврда ҳар йилнинг номланишида ИНСОН сўзи маъно ва фикрнинг етакчи ифодаси бўлиб қолмоқда. Бу асло бежиз эмас. Ахир инсон дунёнинг зоти шарифи, уни ҳаракатга келтирадиган кучи, унинг гуллаб-яшнаши йўлида тер тўкадиган эзгу ниятли бунёдкоридир. Унга тинчлик керак, унга рағбат керак, унга муносиб ҳаёт керак. Шуларни мужассам этаётган давлатимиз олдида ҳар йилнинг ўзига хос салмоқли вазифалари туради. Давлат ислоҳотлари ижодкори эса Ўзбекистон халқи ҳисобланади. Турли миллат вакиллари қўлни қўлга бериб, мардона меҳнат қилса, биз эгаллай олмайдиган марранинг ўзи йўқ, албатта. Шу ҳис ҳар биримизга, шу ҳис ҳаммамизга баланд руҳ бағишлайди. Интилиш ва курашга чоғлантираверади.
Янги Ўзбекистонни янги Учинчи Ренессанс Ватанига айлантиришни ниятлаган давлатимиз раҳбари бугундан эртанги кунларга, эртанги йилларга мустаҳкам пойдевор қўйишга қодир кадрларни етиштириш вазифасини белгилаб берди. Чунончи, 2023 йил – "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилинишининг ўзида ҳам жуда катта ҳаётий ҳикмат мужассам. Яъни инсонга эътибор бор жойдан тинчлик, хотиржамлик, умидворлик, жасорат ва матонат аримайди. Сифатли таълим олган бугунги минглаб, миллионлаб ўқувчи ва талаба эртага Янги Ўзбекистонни ҳайрат ва мўъжизалар юртига айлантириб юборади. Қисқаси, мадҳиямизда:
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр,
– деб куйлаётган халқимизнинг кўнгли битмас-туганмас фахру ғурурларга тўлиб – тошаверади.
2023 йилда эзгу ниятли халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгаяди.
Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгилаб қўйилади. Янги вазир раҳбарлигида ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмаслигини таъминловчи муҳим тадбирлар ҳозирданоқ амалиётга киритилмоқда. Чунки, халқи соғлом юртнинг куч-қудрати муттасил ортиб бораверади.
Янги йилнинг янги вазифалари масъулияти ҳар биримиздан ҳалол ва фаол ишлашни тақозо этади. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов айтганидай: 2023 йил – соғлиқни сақлаш соҳасини коррупциядан холи қилиш йилига айланади.
Содиқ САЙҲУН.