Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш масаласи устувор вазифлардан бирига айланиб бормоқда. Президентимиз томонидан ўтган йили қабул қилинган "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-102-сонли қарорда мазкур соҳани янада равнақ топтириш билан боғлиқ муҳим вазифлар белгилаб берилган эди. Кузатиб қўйилган йил давомида бу йўналиш бўйича изчил ва самарали иш олиб борилди.

Соҳамиз вакилларининг фаолияти бевосита маҳаллаларга кўчирилди, десам муболаға эмас. Вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида кенг миқёсда тиббий тарғибот ва диагнос­тик ишлар ташкил этилди. Эндо­кринологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 40 ёшдан ошган аҳоли скрининг текширувларига жалб қилинди. Беморларни сифатли ва самарали даволаш чоралари кўрилди. Натижада кўплаб кишилардаги хасталиклар барвақт аниқланиб, уларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.

Давлатимиз раҳбарининг Янги йил олдидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб берилди. Эндиликда касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш ишлари натижадорлигини ошириш борасидаги фаолият такомиллаштирилмоқда.

Жорий йилда тиббиётнинг барча йўналишлари қатори эндокринология хизматини янада ривожлантириш диққатимиз марказида бўлади. Хусусан, шаҳар ва туманлардаги эндокринологлар ишини жонлантириш, диспансеримиз жамоаси салоҳиятини янада юксалтириш билан аҳолига кўрсатилаётган эндокринология хизмати самарадорлигини ошириш чораларини кўрамиз. Скрининг текширувлари натижадорлигига алоҳида аҳамият қаратамиз. Диабет ва диабет олди ҳолатларининг олдини олиш, ортиқча вазнли кишиларни соғломлаштириш борасидаги ишларимизни изчил давом эттирамиз.

Фаолиятимизда тиббий тарғибот тадбирлари кенг ўрин эгаллайди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш талабларига қатъий риоя этиш ва жисмоний фаолликни ошириш бўйича муттасил иш олиб борамиз. Эндокринологлар малакасини ошириш чораларини кўриш диққатимиз марказида бўлади. Бундан ташқари вилоятимизнинг олис ҳудудларида ҳам аҳолига малакали эндо­кринология хизмати кўрсатилишини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратамиз.

Баҳриддин СИДДИҚОВ,

вилоят эндокринология диспансери бош шифокори.