Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини зўр қизиқиш билан тингладик. Унда мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари баён этилди. Айниқса, инсон қадрини улуғлашга, ривожланишнинг янги босқичидаги улуғвор вазифаларга эътибор қаратилди. Ўз навбатида тиббиёт соҳасига оид долзарб масалалар ҳам қайд этиб ўтилди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, уни халқимиз дардига дармон бўладиган соҳага айлантириш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айниқса, оналик ва болалик муҳофазасига, келажагимиз ворисларининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган хайрли ишлар кўлами ортмоқда. Шундай бўлсада ҳали олдимизда жуда ҳам масъулиятли ва долзарб вазифалар борлигини ҳис этамиз.
Мурожаатномада тиббиёт соҳасининг қатор йўналишларига оид ўта долзарб вазифалар белгилаб берилди. Президентимиз халқимизни малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилади.
Бу масаланинг ғоят муҳимлиги амалиётдан бизга маълум. Ўтган йили давлат тиббий суғуртаси маблағлари асосида болаларни соғломлаштириш ишларига киришганмиз. Марказимизда 2022 йилда 30 нафар бемор болага кўрсатилган тиббий хизматлар сарфланган 70 миллион сўмдан ортиқ маблағ мазкур жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди. Жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги даволаш ишлари ҳажмини янада оширишни режалаштирганмиз. Бинобарин, давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан даволанадиган болалар сони 50 нафардан ортиши кўзда тутилмоқда.
Касалликка чалинган фарзандларимизни соғломлаштириш ишлари кўлами ортиши шубҳасиз. Лекин касалланиш кўрсаткичларини камайтириш бундан-да муҳим вазифадир. Мурожаатномада бу масалага бежизга урғу берилмади, ахир. Аҳоли ўртасида сурункали касалликка чалинганлар сони йил сайин ортиб бораётганлигига эътибор қаратилди. Афсуски, амалга оширилаётган ишлар кўлами ортгани билан турли касалликларга чалинаётган болалар сони ҳам ўсмоқда.
"Соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаяпти, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқ"лиги танқид қилинди. "Аслида инсон саломатлиги, тиббиётнинг замини ҳам шулар-ку! Шу боис "Тўғри оқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" янги умуммиллий ҳаракатини маҳалладан бошлаймиз. Бу ҳаракатда ёшу қари – барча юртдошларимиз ўз ўрнини топиши керак" деди Президент.
Келгусида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилишини, барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланиши ва жиҳозланиши, ўринлар сони 35 фоиз кўпайтирилиши режалаштирилаётганлигини ҳам ғоят мамнуният билан кутиб олдик. Бу хайрли ишлар келажагимиз ворислари саломатлигини янада мустаҳкамлашда, соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.
Тиббиёт марказимиз жамоаси Мурожаатномада қайд этилган вазифаларни ғоят кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Бугун асосий эътибор даволаш ва профилактик ишлар натижадорлигини янада оширишга қаратилмоқда.
Абдумалик РАҲМОНОВ,
вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори.