Кейинги йилларда халқимиз саломатлигини муҳофазалаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида тиббий хизмат соҳасини янада тараққий эттиришнинг долзарб вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, "Аввало, бепул тиббий ёрдамни кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланди. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтишни тезлаштирамиз..." деди Президент.

Жорий йилдан бошлаб давлат тиббий суғурта тизими Тошкент шаҳрида татбиқ этилади. Мазкур тизимига ўтиш ишлари келгусида барча вилоятларда босқичма-босқич амалга оширилади. Бинобарин, вилоятимизда ҳам давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этишга тайёргарлик бўйича бир қатор ишлар режалаштирилган.

Барча тиббиёт муассасаларини электрон хизмат тизимига ўтказиш, уларни интернет тармоғига тўла улаш чораларини кўриш лозим.

Тиббиёт муассасалар биноларини Инвестиция дастури, "Обод қишлоқ" ва "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишларини амалга ошириш даркор. Кадрлар етишмовчилиги масаласини тиббиёт масканларини малакали тиббиёт ходимлари билан тўлдириш орқали ҳал этиш мақсадга мувофиқдир.

Кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар кўрсатиш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида етишмайдиган асбоб-ускуна ва жиҳозлар бўйича молиявий масалаларга ечим излаш зарур.

Тиббиёт муассасаларида мурожаатлар ва қатновлар сони, таркиби, тор соҳа мутахассисларига мурожаатлар, бажарилган инструментал текширувлар ва лаборатор таҳлиллар сони, бепул рецепт асосида берилган дори-дармонлар, мутахассисга ва шифохоналарга берилган йўлланмалар ажратиш ишларини йўлга қўйиш керак.

Реимбурсация тизимини жорий қилиш, мазкур тизимда иштирок этадиган дорихоналар рўйхатини шакллантириш лозим. Оилавий шифокорларга реимбурсация тизими тўғрисида тушунча бериб бориш жуда муҳим. Муассасаларда "Д" ҳисобда турувчи сурункали касалликлари, яъни гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари бўлган беморларнинг электрон рўйхатини шакллантириш белгиланган.

Вилоятимизда ҳам бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мақсад давлат тиббий суғурта тизимини пухта ва самарали ташкил этишга эришишдан иборат.

Мухторжон ЖЎРАБОЕВ,

ДТСЖ ҳудудий бош мутахассиси.