Биз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини туман тиббиётчиларининг кенгайтирилган йиғилишида яна бир бор ўрганиб чиқдик. Юртбошимиз томонидан соҳадаги муаммоларнинг ечимлари аниқ ва пухта кўрсатиб берилганлиги зарур чора-тадбирлар белгилаш ҳамда ҳудудларда даволаш-профилактика ишларини юқори самарали ташкил этиш учун муҳим дастур бўлиб хизмат қилади.

Мурожаатномадан келиб чиқиб, халқимизни малакали ва самарали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирамиз. Аҳолига қонун билан белгиланадиган кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажми доирасида ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб боришига эришамиз. Давлат тиббий суғуртасига ўтишга тайёргарликни кучайтирамиз. Аҳоли ўртасида турли сурункали касалликлар билан "Д" ҳисобида турадиган беморларни изчил соғломлаштириб борамиз.

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди. Ана шу мақсадда туман марказидан олис ва чекка чегара ҳудудларигача алоҳида эътибор қаратамиз. Шўрқишлоқ, Янгиер ва Деҳқонобод маҳаллаларида яшовчи 6200 нафардан зиёд аҳолини тиббий-ижтимоий патронаж билан қамраб оламиз. Махсус кўчма офталмобиль ва флюромобилларда малакали мутахассислар улар ҳузурида фаолият юритади. 600 нафардан зиёд кишини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказамиз.

Бирламчи тизим фаолиятини бугунги юксак талаблар даражасига кўтариш учун бор билим ва маҳоратимизни ишга соламиз. Келгуси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг замонавий ускуна ва жиҳозлар етказиб берилади. Экспресс лабораториялар тўлиқ янгиланишини таъминлаймиз. Бу борадаги эҳтиёжлар ҳозирдан шакллантириб қўйилди.

Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилиши муносабати билан 128 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб қилинади. Айниқса қиз болаларни эрта ёшидан соғлом ҳаётга ўргатиш, уларни сурункали касалликларга чалинмаслиги чораларини кўриб бориш диққатимиз марказида бўлади. Шунинг учун мактабларда саломатлик ва турмушга тайёрлаш курслари очишни лозим, деб биламиз.

Бугунги тиббиёт ходими ўз ҳудудида саломатлик тарғиботчиси сифатида ҳам бошқаларга ибрат кўрсатиши зарур, албатта. Агар врачу ҳамшираларнинг ўзлари санитария-гигиена талабларига риоя этишда, тўғри овқатланишда, фаол ҳаракатда, жисмоний машқларда атрофдагиларга намуна бўлишса, кутилган натижаларга осон ва тезроқ эришамиз. Амалда шундай ҳолатнинг барқарору бардавом бўлмоғини таъминлаш учун ҳар бир катта-кичик тиббиёт муассасаси раҳбару ходимлари астойдил қайғурмоғи шарт. Пухта режа асосида салмоқли натижалар сари бир ёқадан бош чиқариб, эл саломатлигини сақлашнинг чинакам жонкуярларига айланамиз.

Зулфия МАМАДЖОНОВА,

Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.