Янги йилни катта орзу умидлар билан кутиб олдик. "Инсонга эътибор ва сифатли таълим" йилида фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш ниятидамиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини чуқур ўрганиб чиқиб, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини изчил таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш, халқимиз саломатлини янада мустаҳкамлаш барча шифокору ўрта тиббиёт ходимлари, қўйингки бутун жамоамизнинг эзгу мақсадига айланган. Бунинг учун фаолиятимизни янада такомиллаштиришга, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратаяпмиз.

Янги йилда амалга оширилиши зарур бўлган қатор муҳим вазифаларни белгилаб олганмиз. Ўтган йилги эзгу ишларимизни астойдил давом эттирган ҳолда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини янада юксалтириш бўйича тадбирлар режасини белгилаганмиз. Жумладан, юқори технологик операциялар – лапароскопик, эндоурологик, артроскопик, нейроэндоскопик жарроҳлик амалиётлари кўламини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Филиалга ангиографик ускуна ўрнатилгандан сўнг интервенцион кардиологияни ривожлантириш мўлжалланяпти. Коронарография ва коронар артерияларни стентлашни йўлга қўйиш, чет эл мутахассислари иштирокида "маҳорат дарслари" ва юқори технологик операция­лар ўтказиш режалаштирилган. 2023 йил давомида 15 нафар мутахассисларимизни чет элда малака оширишларини ташкиллаштириш мақсадимиз бор.

Аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, шу жумладан, тартибсиз ва кечки уйқу олдидан овқатланиш одатларидан воз кечиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини оилалар, маҳаллалар, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасалари даражасида соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми сифатида тарғиб қилиш ниятидамиз.

Оммавий спортни ривожлантириш бўйича филиал бўлимлари ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш йўлга қўйилади. Хусусан, стол тенниси, минифутбол, волейбол мусобақалари ташкил этилади.

Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида муайян ишларни амалга ошириш, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда ҳудудда саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилаш масаласи ҳам диққатимиз марказида бўлади.

Қисқаси, янги йилда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш учун бор имкониятларни сафарбар этамиз. Фаолият самарадорлигини ошириш, халқимизга намунали тиббий хизмат кўрсатиш жамоамиз аҳлининг бош мақсадига айланади.

Аброржон АЛИЖОНОВ,

РШТЁИМ Наманган филиали директори.