Кейинги йилларда халқ бахту саодати йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар кўлами ортиб бораётганлигини яққол ҳис этиб турибмиз. Келгусида жонажон ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган улуғвор мақсадлар сари муҳим қадамлар қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси билан танишар эканмиз, шундай азиз ва келажаги порлоқ диёрда яшаётганимиздан чексиз ифтихор туйдик.
Президентимиз Мурожаатномада яқин истиқболдаги вазифаларга эътиборни қаратдилар. Кўзланган мақсад сари ҳамжиҳатликда дадил интилиш бугун барча юртдошларимизнинг эзгу ниятига айланган. Бинобарин, тиббиёт масканимизда ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш учун астойдил ҳаракат қилинмоқда. Даволаш ишлари натижадорлигини ўстириш орқали халқимиз дардига дармон бўлиш шифокору ҳамшираларнинг дилига жо бўлган, десак муболаға эмас.
Аҳил жамоамизнинг диққат-эътибори жорий йилда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиш орқали аҳоли саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилашга баҳоли қудрат ҳисса қўшишга қаратилган. Шу мақсадда даволаш ва диагностика ишлари сифатини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун 2023 йилга мўлжалланган "Йўл харитаси" ишлаб чиққанмиз. Унинг изчил амалга оширилиши баробарида сил касаллигини эрта аниқлашга устувор аҳамият қаратилади. Хасталикни барвақт қайд этиш мақсадида рентгенологик, касаллик инфекциясини ташхислаш борасида иммунологик скрининг, ген-молекуляр ва бактериологик усуллардаги текширувлар қамровини оширишга алоҳида аҳамият қаратилади.
Олис ҳудудларда яшовчи аҳоли ўртасида туберкулёз ва респиратор касалликларига қарши скрининг ўтказишни изчил йўлга қўйиш мақсадида "Ўпка саломатлиги" мобил мажмуаси учун автобус харид қилинади. Уни зарур жиҳозлар билан таъминлаш режаси бор. Жумладан, мажмуа мебель, электрокардиограф, мобил спирометр ва рентген аппарати, сунъий интелект ташхислаш комплекси, GeneXpert 2 модуллик ускуна билан таъминланади. Шу билан бирга мутахассислар малакасини муттасил ошириб бориш мўлжалланмоқда. "Инновацион масофавий ўқитиш, мониторинг ва телемедицина" марказлари орқали масофавий тренинглар ўтказилади.
Вилоят телевидениеси, барча оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда сил, респиратор касалликларидан сақланиш борасида тарғибот ишларини муттасил йўлга қўямиз. Сил, бронхиал астма, сурункали обструктив брохит касалликларидан муҳофазаланишга оид ижтимоий роликлар яратиб, омманинг тиббий маданиятини юксалтиришга аҳамият қаратамиз.
Иқболжон ВОСИТОВ,
вилоят пульмонология ва фтизиатрия маркази
бош шифокори.