Янги йил арафасида Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома билан чиқишлари барчамиз учун айни муддао бўлди. Ахир уни тинглаб, олға сури­лаётган вазифалар моҳиятини чуқур англаб етдик. Соҳамизда қандай муаммолар мавжуду, нималарга эътиборни кучайтирсак, эзгу ниятларга тўлароқ эришишимиз мумкинлиги Юртбошимиз томонидан янада ойдинлаштириб берилди. Шу туфайли врач ҳамда ўрта тиббиёт ходимларимиз янги йилнинг янги вазифалари масъулиятини қалбдан ҳис этишмоқда. Халқимизнинг тиббий хизматдан ризолигини таъминлашни ўзлари учун бош мақсад деб билишмоқда. Агар аҳолининг ҳамма қатламларини сифатли ва самарали тиббий хизмат билан қамраб олсак, кутилган натижаларни қўлга киритишимиз шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилни "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилиши бизга қатъий ишонч ва етарли куч-қувват бағишламоқда. Чунки, инсонга эътибор, аввало, унинг соғлиғига эътибордир. Жамиятни ташкил қилувчи ва ҳаракатлантирувчиси инсон қаерда қадр топса, эъзозланса, ўша ерда умумюксалиш тезлашаверади. Соғлом танли, соғлом ақлли, соғлом фикрли инсонгина ўзининг бутун лаёқатини амалда тўла намоён қилишга қодир бўлади. Президентимиз айтганидек: "Халқимизга қанча имконият яратсак, бунинг фойдаси жамиятимизга ўн карра, юз карра бўлиб қайтади".

Наманган шаҳрида аҳолининг бетоб қисмини даволаш билан бирга уларда касалликларнинг олдини олиш кўникмаларини ҳосил қилиш учун тарғибот-ташвиқот ишлари таъсирчанлигини табора ошираверамиз. "Тўғри овқатланиш", "Жисмоний фаоллик", "Жозибадор табассум", "Эрта турмушга чиқишнинг зарари", "Кашандалик – умр заволи" каби мавзуларда 67 та маҳалла фуқаролар йиғини,52 та мактаб ва бош­қа кўплаб ташкилоту муассасаларда саломатлик суҳбатлари уюштирамиз. Бу тадбирларга масъул врачлару ҳамшираларни белгилаганмиз. Улар фаолияти изчил йўлга қўйилади. Айни маҳалда бу борада доимий ҳамкорларимиз кўмагига таянамиз.

Албатта, даволаш-профилактика ишларини бир-бирига уйғун ҳолда олиб борамиз.Бунинг учун зарур шароит ва имкониятлар яратишнинг моддий асослари ҳозирданоқ маълум. Жорий йилдан бошлаб ҳар бир оилавий поликлиникага энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар, бутлов қисмлари, жиҳозлар, лабораториялар учун реагентлар таъминотидаги муммолар босқичма-босқич бартараф этилади.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари тубдан такомиллаштирилади. Мавжуд туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади. Улардаги ўринлар сони 15 фоизга кўпайтирилади.

Наманган шаҳар аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада яхшилаш учун қуйидаги аниқ режалар белгиланган:

– Хирургия йўналишида замонавий асбоб-ускуналар таъминотини яхшилаш, оператив лапароскоп аппаратини сотиб олиш;

– Диализ хизмати учун қўшимча бино қуриш ва моддий-техника базасини янгилаш;

– Қандли диабет касалликларини даволаш ишларини яхшилаш мақсадида оила поликлиникаларини врач-эндокринологлар билан таъминлаш;

– КТМПдаги травматология пунктида туну-кун ишлайдиган рентгенология хизматини ва тунги навбатчилик тизимини ташкил этиш;

– КТМПга цистоскоп аппаратини келтириб ўрнатиш;

– Шаҳар туғруқ комплекси ҳамда 1-туғруқхона учун янги 50 ўринли бинолар қуриш.

– Шаҳар туғруқ комплекси негизида шаҳар перинатал марказини ташкил этиш.

2023 йил шаҳар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишда янада юксалиш даври бўлади.

Шокиржон ҲАЙДАРОВ,

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.