Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жараёнларини ислоҳ қилиш борасида муҳим воқелик бўлди, десак асло муболаға эмас.

Мурожаатномани тинглар эканмиз, давлатимиз раҳбари жорий йилда амалга оширилган ишларни чуқур таҳлиллар билан сарҳисоб қилиб, барча соҳаларда келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам кутилаётган янгиланишларга эътибор қаратилди.

Президентимиз Мурожаатномада халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилишини алоҳида таъкидладилар.

Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланиши, ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш жараёни тезлаштирилиши, бу тизим келаси йилдан Тошкент шаҳридан бошланиб, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиниши таъкидланди.

Шунингдек, соғлом овқатланиш рационига доир тавсиялар одамларга етказилмаётгани, турли ёшдаги кишилар учун жисмоний машқларни ўргатиш ишлари йўқлиги, шу боис, "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" янги умуммиллий ҳаракати маҳалладан бошланиши кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз кейинги йили қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилишини маълум қилди.

"Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур амалга оширилади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда 15 мингга яқин онкологик беморлар нур ёрдамида даволанишга муҳтож, шу боисдан, келгуси йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда давлат хусусий шериклик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошлаймиз...", – де­йилди Мурожаатномада.

Мурожаатнома бу шунчаки даъват ёки чақириқ эмас. Бу Янги Ўзбекистоннинг равнақи ва истиқболи учун ғоят аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон хал­қига Мурожаатномаси келгуси фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ҳар бир тиббиёт муассасасида Мурожаатнома мазмун-моҳияти чуқур ўрганиб чиқилмоқда. Қайд этилган долзарб вазифалар асосида иш ташкил этиш муҳимлиги тиббиёт ходимларига етказилди. Қисқаси, тиббиёт соҳасини янада юксалтириш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Абдулҳоди ИМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.