Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида ҳуқуқий мавзуда тадбир ўтказилди. Унга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва бошқарма бош мутахассислари таклиф этилди.
Тадбирни ВССБ бошлиғи Абдулҳоди Иминов очди ва барчани Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги билан қутлади. Вилоят адлия бошқармаси бўлим мудири Зулфия Аҳмадхўжаева Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти, унда қайд этилган мақсад ва вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши баробарида мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида маъруза қилди.
Нотиқнинг таъкидлашича, мустақил Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётида Конституция муҳим роль ўйнади. Эндиликда уни янада такомиллаштириш, бугунги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда мукаммаллаштириш зарурияти туғилди. Шу боис ҳам Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди ва мазкур ҳужжат умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Айни пайтда халқимиз томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида ҳужжат лойиҳаси тўлдирилмоқда.
Тадбирда Бош қонунимизга киритилаётган қўшимча ва ўзгартишларнинг ўзига хос жиҳатлари батафсил ифодалаб берилди. Айниқса, инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш ва ҳимоялашга муҳим аҳамият қаратилаётганлиги қайд этилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.