Садача маҳалласида 30 нафардан зиёд диспансер назоратига олинган беморлар бор. Бир ҳафтадирки, Намангандан келган тажрибали саломатлик посбонлари уларнинг хонадонларига кириб, хастаҳолларнинг соғлиғи ҳолатини кўздан кечиришмоқда.
Нуробод кўчасида яшовчи иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Маликахон ая Азизованинг ҳузурига оила ҳамшираси Муҳайёхон Маматова ҳамроҳлигида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг невропатолог врачи Илҳомжон Набиев ва бир гуруҳ шифокорлар боришиб, етмиш ёшдан ошган онахонни тиббий кўрикдан ўтказишди. Юрак-қон томир касаллигидан азият чекаётган беморнинг дардини енгиллатиш чоралари белгиланди.
Жорий йил аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишда ўзига хос давр бўлди, десак муболаға эмас. Дарҳақиқат, инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар юртдошларимиз саломатлигини асрашнинг "маҳаллабай" ва "манзилли" усулларини татбиқ этишда яққол намоёндир. Йил давомида шифокорлар уйма-уй, маҳаллама-маҳалла, секторма-сектор юриб, беморларни соғломлаштириш борасида жонкурлик қилдилар.
Бу хайрли жараён шу кунларда Косонсой туманида изчил давом эттирилмоқда. Вилоятимиз ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари вакиллари ҳудудларда изчил фаолият олиб боришмоқда. РШТЁИМ Наманган филали, ВКТТМ ва бошқа тиббиёт муассасаларининг мутахассислари қисқа муддатда 368 кишининг соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни аниқлашди. Айни чоғда уларни бартараф этиш йўллари ахтарилмоқда. Кимдир туманда, кимдир вилоятда ёки республика шифохоналарида саломатлигини тиклашга жўнатилади.
Суратда: Тиббиёт ходимлари иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Маликахон Азизова хонадонида.