Бу йилги тантаналар "Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним!" деган эзгу ғояни ўзида мужассам этади. Белгиланган дастурларда бу борадаги ташкилий-амалий, маданий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари тўла ифодасини топган.
Юртбошимизнинг қарорлари барча даволаш-профилактика муассасалари жамоасига етказилиши, муҳим ҳужжат асосида байрамолди тараддуди қизғин тусга киритилиши зарур. Ҳар бир жамоада маънавий-маърифий тадбирлар изчиллигига эришилиш керак. Йигирма тўрт йил ичида қўлга киритилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, улардан фахрланиш ҳиссини кучайтириш, бетакрор ва ягона Ватан учун ҳамиша ҳалол ва фаол хизмат қилиш туйғуси барқарорлигига эришиш ғоят муҳимдир. Нафақат тиббиётчилар ўртасида, айни маҳалда беморлар билан ҳам мулоқотлар жараёнида уларнинг кўнглида ислоҳотлар самарасидан бениҳоя мамнунлик кайфиятини уйғотишга йўналтирилган тарғибот-ташвиқотга алоҳида урғу бермоқ мақсадга мувофиқдир.
Айниқса, мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳолимиз, биринчи навбатда кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун катта маблағлар сарфланаётгани, 2014 йилда давлат бюджетидан ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва социал соҳани мустаҳкамлашга ажратилган йиллик маблағ 60 фоиздан ортгани юксак ниятларга тезроқ етишишимизни таъминламоқда.
Юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги миллий ғоямизга айланган экан, "Кексаларни эъзозлаш йили"даги эзгу режаларимиз салмоқли натижалар касб этаверишига бўлган ишончимизни мустаҳкамлаб, бутун куч-ғайрату интилишларимизни кундан-кунга кучайтираверади.