Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) нинг маълумотига кўра, бутун дунёда ва Европа ҳудудида қизамиқ-қизилча бўйича эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Қўшни Афғонистонда 2021 йилда 30333 та ҳолатда қизамиқ билан касалланганлар рўйхатга олиниб, улардан 24291 нафари ёки 80,0 фоизини 5 ёшгача болалар ташкил этган ва ҳозирда ҳам қизамиқ касаллиги билан касалланиш давом этмоқда.
2022 йилнинг ўтган даврида қўшни Тожикистон давлатида ҳам 600 тадан ортиқ қизамиқ касалиги рўйхатга олиниб, уларда ҳам беморларнинг 80,0 фоизини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил қилган.
Қўшни давлатлардаги қизамиқ бўйича нохуш ва мураккаб эпидемиологик вазиятни эътиборга олиб, республикамиз ҳудудига қизамиқ ва қизилча касаллигининг четдан кириб келиши ва уни аҳоли ўртасида кенг тарқалишининг олдини олиш ушбу касалликларга эпидемиологик ҳолатдан келиб чиққан ҳолда оммавий эмлаш ўтказилмоқда.
Қизамиқ касаллиги:
Қизамиқ – юқиш даражаси юқори бўлган ва оғир кечадиган вирусли ўткир юқумли касаллик бўлиб, дунёда чақалоқлар ўлимининг энг кўп тарқалган сабабларидан бири ҳисобланади;
Касалликнинг асосий белгилари тана ҳароратининг кўтарилиши, тананинг барча жойида тошма тошиши, шиллиқ қаватларнинг яллиғланишидир;
Касалликнинг ҳар учтасидан бирида асоратлар кузатилади. Энг жиддий асоратлари шапкўрлик, энцефалит, кучли диарея (ич кетиш) шу билан боғлиқ тананинг сувсизланиши, отитлар ва зотилжамдир.
Қизамиқ касаллиги олдини олишнинг энг самарали усули касалликка қарши эмлашдир. Профилактик эмлаш тақвими асосида болаларимиз режали равишда 1 ёшда ва 6 ёшда қизамиқ-поротит-қизилча вакцинаси билан эмлаб келинади.
Вилоятимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда фарзандларимизни ушбу касалликдан ҳимоя қилиш мақсадида Республика СЭО ва ЖСХнинг кўрсатмасига биноан 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар қизамиқ-қизилча касаллигига қарши эмланади.
Ҳурматли ота-оналар, оммавий вакциналаш кампаниясида фарзандингизни қизамиқ касаллигига қарши эмлатишингизни сўраб қоламиз.
Президентимиз айтганларидек, фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур!
Шерзоджон ЛАТИБЖОНОВ,
вилоят СЭО ва ЖС бошқармаси
иммунопрофилактика бўлими мудири.