– Нодирахон, янгиликни эшитдингизми?

– Яна нима бўлибди?

– Оилавий шифокорлик пункти­да кичик ёшдаги болалар жудаям юқумли бўлган касалликларга қарши эмланаётганмиш!

– Ия, яна қанақа касаллик?

– Ҳамшира Сарвиноз уйма-уй юриб, айтиб чиқяпти. Қизамиқ ва қизилча деган касалликнинг олдини олиш бўйича эмлаш кетяптийкан-да.

– Шунга, шунчалик ваҳимами?

– Ваҳима эмас, огоҳлантириш. Ахир қизамиқ ҳам, қизилча ҳам оғир асоратлар келтириб чиқарадиган касаллик экан-да, Салимахон.

– Унда фурсатни бой бермайлик, ҳозир овсинларга ҳам қўнғироқ қиламан...

Шу тариқа маҳалладош аёллар фарзандларини етаклаб, тиббиёт маскани томон йўл олишди.

– Қизамиқ ва қизилча ғоят юқумли касаллик. Уларни даволашдан кўра олдини олган маъқул, – дейди Тўрақўрғон туманидаги Ибрат оилавий шифокорлик пункти врачи Сабоҳат Отабоева. – Ҳудудимиз бўйича 1197 нафар бола эмланиш рўйхатига киритилган. Уларнинг аксарияти вакцина билан қамраб олинди. Айни пайтда саломатлигидаги муаммолар туфайли эмлаш кечиктирилган болаларни ҳам вакцинациялаш чоралари кўрилмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда қизамиқ ва қизилча касалликларининг олдини олиш мақсадида оммавий эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Вилоятимизда ҳам вакцинациялашни уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча шароитлар муҳайё этиб қўйилган. Кампания давомида салкам 300 минг нафарга яқин кичкинтой эмланиши режалаштирилди. Барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига зарур миқдордаги вакцина етказиб берилди. Энг тажрибали ва малакали тиббиёт ходимлари ушбу муҳим жараёнга жалб қилинган.

Эмлаш самарадорлигига эришиш мақсадида кенг жамоатчилик хабардорлигини оширишга алоҳида урғу берилмоқда. Оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар имкониятлари ишга солинмоқда.

Муболағасиз айтиш мумкинки, эмланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифалардан биридир. Фарзандлари соғлиғини ўйлаган ота-оналар бу кампанияга ўта масъулият билан ёндошмоқдалар. Чунки, ҳозирги глобаллашув даврида қўшни давлатларда тарқалган қизамиқ ва қизилча касаллигидан ҳеч ким тўла муҳофазаланган эмас. Ундан ишончли сақланишнинг ягона йўли эса болаларни фақат ўз вақтида эмлатишдан иборат.

Севара ҒОЗИЕВА.