Тошкент давлат стоматология институтининг бир гуруҳ таниқли олимлари Давлатобод туманидаги мактабларда ўқувчилар оғиз бўшлиғи касалликларини аниқлаш бўйича тиббий кўриклар ўтказишни бошлашди. Олийгоҳ клиникасининг бош врачи ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Мирафзал Ирхонов раҳбарлигидаги тиш шифокорлари 49-умумтаълим мактабига ташриф буюришди.
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент давлат стоматология институти ва Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқилган. Ундан кўзланган мақсад – бир ёшдан тўрт ёшгача бўлган ва ундан катта ёшдаги болаларнинг оғиз бўшлиғини текшириш. Яъни, уларда учрайдиган стоматологик касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволашга эришиш, – дейди Мирафзал Ирхонов. – Шунинг учун Тошкентдан 12 нафар профессор, доцент ва малакали шифокорлар Наманганга келганмиз. Болаларнинг оғиз бўшлиғини кўриб, тадқиқотлар ўтказамиз. Қайси турдаги касалликлар ҳозирги шароитда айниқса кўп учраётганлигини таҳлил қиламиз. Иккинчи босқичда эса хасталик қайд этилган ўқувчиларни соғломлаштириш чораларини кўрамиз.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мактабларга ташрифлар чоғида тиббий кўриклар билан кифояланилмайди. Ўқувчиларга соғлом турмуш тарзи талаблари, айниқса тиш ювиш қоидалари ҳақида тушунча берилмоқда. Оғиз бўшлиғи касалликларига учрамаслик учун нималар қилиниши лозимлиги юзасидан суҳбатлар ўтказиляпти.
"Болалар орасида стоматологик касалликларни эрта аниқлаш, профилактик чора– тадбирларни ишлаб чиқиш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш" лойиҳаси 23 ойга мўлжалланган. Унда қайд этилганидек, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кариес билан зарарланиш 6-7 ёшли болалар орасида 80-90 фоизни ташкил этади. Болалик даврида кариес кўпроқ фиссураларда ва эмалнинг табиий чуқурликларида жойлашиши билан намоён бўлади.
Болаларда кариес ривожланишига умумий ва маҳаллий тоифадаги кўплаб омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Генетик мойиллик, суяк тўқимасининг туғма дисплазиялари, умумий соматик касалликлар, айниқса, ошқозон-ичак тракти касалликлари, атроф муҳит, хусусан ичимлик сувида фтор миқдорининг камлиги ва норационал овқатланиш хасталикларнинг ортишига олиб келувчи умумий хавф омилларидир. Маҳаллий хавф омилларига эса оғиз бўшлиғи гигиенаси қоидаларига риоя этмаслик ҳолатини кўрсатиш мумкин.
Болалар ва ота-оналарининг тиббий маданиятини ошириш орқали кариес касаллиги ва унинг асоратлари ҳисобланган юз-жағ соҳасининг ўткир ва сурункали одонтоген яллиғланиш касалликлари, менингит, менингоэнцефалит, сепсис каби ногиронликга олиб келувчи асоратларнинг олди олинади.
Лойиҳага кўра, Давлатобод тумани мактабларида 20 минг нафар ўқувчининг саломатлиги кўрикдан ўтказилиб, стоматологик касалликлар тарқалиши ўрганилади, жадаллик даражаси таҳлил қилиниб, тўпланган маълумотлар асосида ЖССТ талабларига мос равишда ҳар бир вилоят учун махсус профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Абдулла ҒОЗИЕВ.