Попдаги мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари ҳамкорлигини кучайтирган ҳолда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини юксалтириш масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. "Оғриқ – ҳар даврнинг долзарб муаммоси" мавзуидаги мазкур тадбир туман тиббиёт бирлашмаси ва Jasmina medical servis кўп тармоқли клиникаси билан биргаликда ташкилланиб, унга марказий шифохона, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари шифокорлари таклиф этилдилар.

Анжуманни туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи в.б. Замира Мирзаниёзова кириш сўзи билан очди. У туманда тиббий хизмат сифатини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида фикр юритар экан, ҳудудда хусусий тиббиёт масканлари сони ортиб, уларнинг моддий-техник имкониятлари ривожланаётганлигини таъкидлади. Шифокорлар касбий маҳоратини оширишда, билимларини янада мустаҳкамлашда бу каби илмий анжуманлар муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътиборни қаратди.

Анжуман дастурига кўра, коронавирус пандемияси сабаб юзага келган турли касалликлар асоратлари ва уларни бартараф этиш чораларига оид маърузалар тингланди. Jasmina medical servis кўп тармоқли клиникаси бош шифокори Шерзод Бобоев "Оёқлардаги оғриқнинг келиб чиқиш сабаблари, остеопороз – аср вабосининг бир кўриниши сифатида" номли илмий маърузасида тобора кўп учраётган касалликнинг пайдо бўлиши омиллари, унинг олдини олиш йўллари ва даволаш усулларини батафсил изоҳлади. Туман тиббиёт бирлашмаси нев­рологи Муҳайё Турғунованинг маърузасида эса "Бирламчи бош оғришининг келиб чиқиш сабаблари, бартараф этиш усуллари – терапия алгоритм­лари" ҳақида маълумот берилди.

Давлат тиббий суғурта жамғармасининг вилоятимиздаги ҳудудий вакили Мухторжон Жўрабоев сўзга чиқиб давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнларига тўхталди. Нотиқ икки йилдан бери Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланган амалиёт келгуси йилдан мамлакатимизнинг яна 6 та вилоятида татбиқ этилиши, шу жумладан, 2024 йилдан вилоятимизда давлат тиббий суғуртаси шароитида тиббий хизмат кўрсатишга ўтилишини маълум қилди. Вилоят тиббиёт муассасаларини давлат тиббий суғуртаси шароитида фаолият кўрсатишга тайёрлаш ишларининг бориши билан таништирди.

Илмий-амалий анжуман ишчан вазиятда давом этди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олдилар. Муҳокамалар чоғида аҳоли саломатлигини асраш самарадорлигини ошириш, беморларни соғломлаштириш ишларини янада яхшилаш бўйича қимматли таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.