Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасаларини қишки мавсумга тайёрлашга жиддий эътибор бериб келингани учун ҳозирда уларни ёритиш ва иситиш борасида жиддий қийинчиликларга дуч келинмаяпти.
Ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида рўй бераётган электр ва газ таъминотидаги узилишларга қарамай, шифокор ва беморлар учун астойдил ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Энг муҳими, қорли-қировли кунларда кеча-кундуз назорат йўлга қўйилган. Албатта, ҳамма ишлар жойида дейиш фикридан йироқмиз. Кутилмаган сабаблар билан рўй бераётган айрим муаммоларни ўз ўрнида ва ўз вақтида ижобий ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланиб, зудлик билан амалга оширилмоқда.
Синов мавсумини талофатсиз ўтказиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида туну кун фаолият олиб борувчи штаб аъзоларининг ҳар биридан юксак масъулият талаб қилинмоқда. Чунончи, 1103 қисқа рақам ҳамда 69-234-32-34 рақамлари орқали вилоятнинг барча ҳудудларидан тўғридан-тўғри маълумотлар олиняпти. Штаб томонидан маълумотлар асосида аниқланган камчилик ва нуқсонларни тезда тугатишга эришиб борилмоқда. Масалан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ва Наманган шаҳар болалар шифохонаси биноларини иситиш қозонлари газ таъминотидаги узилишлар ҳисобга олингани ҳолда уларга суюқ ёнилғи – мазут етказиб бериш йўлга қўйилди. Поп туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида электр токи узилишлари бўлиб тургани учун бошқарма томонидан 250 квт қувватга эга генератор билан таъминланди. Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасида эса худди шундай генераторнинг носозлигига барҳам берилиб, ишлашга яроқли ҳолатга келтирилди. Қўғай ҳудудий бўлимига эса 75 квт қувватли электр генератор берилди.
Қишнинг талаби қаттиқлигини яхши биламиз. Бепарволикка асло ўрин йўқ. Бошқарма тизимидаги муассасаларнинг фаолияти изчил, сифатли ва самарали бўлиши учун зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, барча куч ва имкониятларимизни ишга солаверамиз.
Аслиддин РАҲМОНОВ,
ВССБнинг бош мутахассиси.