Анжуманни вилоят "Она ва бола скрининги" маркази директори Насибахон Расулова кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги, мустақиллик йилларида муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида бу мақсадга қаратилган эзгу ишлар кўлами кескин ортганлиги ҳақида тўлқинланиб гапирди. Айниқса, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом фарзанд дунёга келишини таъминлаш борасидаги хайрли ишлар ижобий самаралар бераётир. Бинобарин, болаликдан ногиронлик кўрсаткичлари тобора пасайиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Республика "Она ва бола скрининги" маркази директори Мадина Шарипова эса ташкилланган ўқув семинарининг мақсад ва вазифалари ҳақида тўхталди. Вазирликнинг тегишли буйруғига мувофиқ муассасанинг малакали мутахасислари Гулнора Ёрқулова, Васила Абдураҳмонова, Воҳиджон Садирхоновлар томонидан Намангандаги анжуман учун тайёрланган маъруза ва чиқишлар мундарижаси билан таништирди. Болаликдан ногиронликнинг олдини олиш мақсадида биринчи триместр, яъни ҳомиладорликни эрта аниқлаш чоғида ультра товуш текширувининг ўрни ғоят муҳим эканлигига эътиборни қаратди.
Қатнашчилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда "Маҳорат дарслари"га жалб этилди. Болалар шифокорлари учун уюштирилган машғулотларда Республика "Она ва бола скрининги" маркази мутахассиси Васила Абдураҳмонова "Моддалар алмашинувининг ирсий касалликларини ташҳислашда биокимёвий кўрсаткичларнинг аҳамияти" деган мавзу юзасидан тақдимот ўтказди. Шунингдек, УТТ мутахасислари учун дарслар чоғида эса "Асаб тизимидаги ривожланишнинг туғма нуқсонлари" ва "Ҳомиладорликнинг биринчи триместрида скрининг текширувлари" тўғрисида маърузалар ўқилди.
- Анжуман давомида жуда кўп янгиликлардан воқиф бўлдик. Фаолият давомида юзага келадиган қатор саволларга жавоб берилди. "Маҳорат дарслари"да олинган сабоқлар болаликдан ногиронликни олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришда жуда ҳам қўл келади,-дейди вилоят "Она ва бола скрининги" маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Маъмура Мирзакаримова.
Дарҳакиқат, мазкур ўқув семинари Президентимизнинг " 2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар, ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашда тажриба мактаби вазифасини ўтаганлиги шубҳасиз.
Абдулла ҒОЗИЕВ.