Чортоқ туманининг олис ва чекка ҳудудларида ихчам, беморларга энг зарур тиббий хизматлар кўрсатилиши учун шароитлар яратилган контейнер усулидаги тиббиёт пунктлари ташкил этилмоқда.

Бугунга келиб туманда бундай тиббиёт пунктлари сони 14 тага етди. Уларда беморларга энг зарур тиббий хизматлар кўрсатилиши учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, шундай тиббиёт пунктларидан яна бири "Навбаҳор" маҳалласида иш бошлади.

Муҳими, энди беморлар туман марказига боришларига ҳожат йўқ. Улар саломатликларидаги ўзгаришлар ҳамда ўзларини қизиқтирган масалаларда тиббиёт масканидаги мутахассисларга мурожаат этишади.

Туман ҳокими Анваржон Отаходжаев, тиббиёт бирлашмаси масъуллари ва маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган очилиш маросимида бундай тиббиёт     пунктларининг фойдаланишга топширилаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратаётгани зўр мамну­ният билан таъкидланди.