Касблар кўп дунёда. Лекин улар ичида энг шарафлиси шифокорликдир, десак муболаға эмас. Ҳаётнинг давомийлиги, умрнинг узоқлиги, турмушнинг фаровонлиги шу соҳа вакилларининг азму шижоатига, туну кун узлуксиз давом этадиган саъй-ҳаракатига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шунинг учун ҳам улар доимо ардоқланади, қадрланади.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати барча шаҳар ва туманларда шарафлаш маросимлари ўтказилди. Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуасидаги байрам кечасида эса вилоят соғлиқни сақлаш тизимида хизмат қилаётган энг жонкуяр, энг фаол ва энг илғор тиббиётчилар жамланди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов табрик нутқида халқ саломатлигини сақлаш йўлида фидокорона хизмат қилаётган тизим фидойилари эришаётган ютуқларни алоҳида эътироф этди. "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиори остида олиб борилаётган эзгу ишлар самараси ўлароқ аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Айниқса, бирламчи бўғин фаолиятида ижобий ўзгаришлар кўп. Тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш борасида муҳим қадамлар ташланганлигини олис ҳудудларда очилган маҳалла шифокорлик шохобчалари тасдиқлаб турибди. Жорий йилнинг ўзида 154 та маҳалла тиббиёт пункти ишга туширилди.
Шу билан бирга ихтисослаштирилган тиббий хизмат даражаси ҳам ўсиб бораётир. Юқори технологик амалиётларни жорий этиш салмоғи ортганлиги боис беморларнинг туманлардан вилоятга, вилоятдан эса пойтахтга юборилиши учдан бир баробарга қисқарди. Тизимга янги технологияларни жорий этиш, айниқса телетиббиётни татбиқ қилиш борасидаги ишлар жадаллаштириляпти.
Тадбирда кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, эл соғлиғини мустаҳкамлашга ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ илғорлар вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, тиббиёт равнақини таъминлашда алоҳида жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ фаолларга "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони топширилди.
Соғлиқни сақлаш фаолларини шарафлаш шодиёнасига мамлакатимизнинг таниқли адиб ва шоирлари меҳмон бўлиб келганлиги байрам шукуҳини янада оширди. Зиёвиддин Мансур ва Зулфия Мўминовалар шифокорларга бағишланган шеърларидан ўқиб беришди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги куй ва қўшиқларда ҳам жонкуяр, меҳридарё саломатлик посбонлари мадҳ этилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.