Президентимизнинг ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш ва бу борада жаҳон тиббиёти ютуқларини изчил жорий этиш борасидаги кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида шу йил 15-18 ноябрь кунлари вилоятимизда Россия Федерациясининг машҳур тиббиёт намоёндалари иштирокида "Гастроэнтерологик ва бариатрик жарроҳлиги ҳафталиги" ўтказилди. Бу – "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" деган эзгу ғоянинг ҳаётга татбиқ этилишида яна бир муҳим қадам бўлди.

Кейинги йилларда вилоятимиз аҳли кўплаб халқаро анжуманларга мезбонлик қилмоқда. Хусусан, эндиликда тиббиётга оид нуфузли илмий-амалий анжуманларни ҳам Наманганда ўтказилиши анъанага айланиб қолди. Октябрь ойида шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммоларига бағишланган йирик анжуман муваффақиятли якунланган эди.

15 ноябрь куни эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали мажлислар залида "Гастроэнтерологик ва бариатрик жарроҳлик масалалари"га бағишланган 2-халқаро илмий-амалий конференция очилди. Унда Россия Федерацияси А.В. Вишневский номли Миллий жарроҳлик илмий-тадқиқот маркази федерал давлат бюджет муассасаси ва академик Ё. Х Тўрақулов номли Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда академик В. Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази етакчи олим ва мутахассислари қатнашдилар. Нуфузли анжуманга вилоятимиз соғ­лиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган эндокринологлар, кардиологлар, гастроэнтерологлар ва жарроҳлар таклиф қилинди.

Илмий-амалий конференцияни академик Ё. Х Тўрақулов номли Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Феруз Тўраев олиб борди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев меҳмонларни гуллар шаҳри – Наманганга ташрифлари билан қизғин қутлади.

А.В. Вишневский номли Миллий жарроҳлик илмий-тадқиқот маркази федерал давлат бюджет муассасаси директори, академик Амиран Ревишивили интернет орқали табрик йўллади. Шунингдек, Европа тиббиёт марказлари жарроҳлик клиникаси бошлиғи, профессор Алексей Чжао, А.И. Евдокимов номли Москва давлат тиббиёт ва стоматология университети жарроҳлик ва жарроҳлик технологиялари кафедраси профессори Юлия Степанова, академик В. Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари Шуҳрат Ҳошимовлар сўзга чиқиб, икки давлат тиббиётчиларининг ҳамкорлиги соҳа ривожини таъминлашда муҳим омил бўлишини таъкидладилар.

Ялпи мажлисда "Орган ва тўқималар трансплантацияси, гастроэнтерология ва гепатобилиар жарроҳликнинг долзарб масалалари" бўйича маърузалар тингланди. Дастлаб тиббиёт фанлари доктори Фазлиддин Баҳриддинов академик В. Воҳидов номли Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган "750 тирик донордан буйрак трансплантацияси" мавзусида маъруза қилди.

Шундан кейин москвалик тиббиётчи олимлар бирин-кетин минбарга кўтарилишди. Профессор Алексей Чжао "Гепатобилиар жарроҳликнинг ривожланиш истиқболлари", профессор Юлия Степанова "Ошқозон ости бези ўчоқли ҳосилалари ультратовушли дифференциал диагностикаси", тиббиёт фанлари номзоди Дмитрий Ионкин "Мураккаб эхинококкозни жарроҳлик усулида даволаш", профессор Дмитрий Ручкин "Қизилўнгач гастериал бирикма саратонини радикал жарроҳлик даволашнинг ўзгартирилган ташхиси ва тактикаси: 100 та амалиётнинг ягона марказий тажрибаси", профессор Бадри Гогия "Чурраларни жарроҳлик усулида даволашнинг эволюцияси", тиббиёт фанлари номзоди Владимир Стружков "Ингичка ичак оқмалари бўлган беморларни икки босқичли даволаш усуллари" мавзусида маъруза ўқишди.

Эндокринология ва гастроэнтерология мавзусидаги машғулотлар ва "Меъда ости бези касалликлари ультратовуш диагностикасининг замонавий йўналишлари"га бағишланган семинар ҳам қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Бу мавзулар бўйича 10 дан ортиқ илмий маърузалар эшитилди.

Мазкур халқаро анжуман ташкил этилганидан жуда миннатдормиз. Тиббиёти юксак даражада ривожланган мамлакат вакилларининг илмий маърузаларини тинглаш чоғида кўплаб илғор усул ва тажрибалардан ҳабардор бўлдик, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали 1-жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Акмалжон Тожибоев.

"Гастроэнтерологик ва бариатрик жарроҳлик ҳафталиги" дастури жуда кенг бўлиб, анжуман билангина кифояланиб қолинмади. Дарҳақиқат, аввалига назарий маш­ғулотларга урғу берилган бўлса, кейинги кунлари тўпланган тажрибалар ва даволашнинг замонавий усуллари амалий тарзда кўрсатилди. Меҳмонлар вилоятимиздаги шифохоналарда бир қатор мураккаб технологияли жарроҳлик амалиётларини "Маҳорат дарси" сифатида ўтказиб бердилар.

И.И. Пирогов номли Россия миллий тадқиқотлар университети клиник ва тажриба жарроҳлиги кафедраси профессори, пластик жарроҳлик ва косметология институти вазн ва метабологик бузилишлар клиник маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Владимир Евдошенко ҳамда мазкур марказ ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Вадим Фаденколар вилоят эндокринология диспансерида ғоят юқори технологияли бариатрик жарроҳлик амалиётини маҳорат билан бажаришди. Вилоятимизда ҳали бу турдаги операция ҳозирга қадар умуман ўтказилмаганлиги назарда тутилса, жарроҳлик соҳасида яна бир улкан ютуққа эришилганлиги яққол кўринади.

Тўрақўрғонлик Баҳромжон Эргашев семизликнинг учинчи даражасидаги киндик чурраси дардидан азият чекаётган эди. Тажрибали рус бариатрик жарроҳлари лапароскопик усулда амалиёт олиб боришиб, бемордаги ортиқча вазн ва касаллик асоратига барҳам беришди. РШТЁИМ Наманган филиали ва вилоят эндокринология диспансери жарроҳлари ушбу мўъжизакор амалиётни диққат билан кузатиб турдилар.

Москвалик ҳамкасбларимизнинг юксак маҳорати ҳайратга лойиқ,- дейди диспансер жарроҳлик бўлими мудири Акмалжон Мамаджонов. – Лапароскопик жарроҳлик амалиёти шифохонамиз жамоаси учун муҳим янгилик. Шунинг учун ҳам уни олиб бориш сирларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Жаҳонга танилган мутахассислар иш услуби ва тажрибасини ўзимизда ҳам тадбиқ этиш ниятидамиз.

Диспансер бош шифокори Баҳриддин Сиддиқовнинг айтишича, куннинг иккинчи ярмида яна бир бемор чап томонлама буйрак усти ўсмасидан фориғ қилинди. Эртасига яна икки нафар бемор жарроҳлик столига ётқизилди. Ортиқча вазнли беморнинг ўт тоши касаллиги ва икки томонлама қайталанган чов ёроқ чурраларини даволаш чоралари кўрилди.

Бугунги кунда жаҳон миқ­ёсида гастроэнтерологик ва бариатрик жарроҳлик тобора тараққий этмоқда. Олимлар бу йўналишларда изчил изланишлар олиб боришмоқда. Халқаро конференция боис Россия Федерацияси ва Ўзбекистон тиббиётчи олимлари ҳам мазкур соҳа юзасидан яқиндан мулоқотга киришдилар, ўзаро тажриба алмашиш ва фикрлашиш имкониятига эга бўлдилар, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Дмитрий Ручкин. – Тўғрисини айтсам, марказимиз илмий ходимлари гастроэнтерология ва бариатрик жарроҳлик бобида катта тажриба тўплашган. Узоқ йиллар олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари билан ўртоқлашаётганимиздан бағоят мамнунмиз. Ўзбек ҳамкасбларимизга нафақат ўз билим ва тажрибамизни ўргат­япмиз, балки амалиётчи мутахассисларнинг таклиф ва мулоҳазаларига ҳам эътибор қа­ратяпмиз. Наза­рияни амалиёт билан боғлаш мақсадида ўтказилаётган "Маҳорат дарс"­ларимиз маҳаллий шифокорлар малака ва кўникмаларини бо­йитишга хизмат қилади.

Соғлиқни сақлашнинг кўплаб йўналишлари бўйича жаҳонда етакчи ўриндамиз. Самарали илмий изланишлари билан тиббиёт фани юксалишига катта улуш қўшган бир гуруҳ тадқиқотчи ва амалиётчи олимларнинг Наманган сафари вилоятда касалликлар диагностикаси, даволаш ишлари натижадорлиги ортишида жуда ҳам аҳамиятли, деб ўйлайман.

Россиялик малакали докторлар гуруҳининг Намангандаги фаолияти серқирралиги билан ажралиб турди. Ўз соҳасининг билимдонлари вилоятимиз шифохоналарида бўлиб, тиббий кўриклар ҳам ташкиллашди. Бинобарин, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида турли касалликларга дучор бўлган ўнлаб хастаҳолларга тиббиёт фанлари докторлари, профессорлар тиббий хизмат кўрсатишди. Ультратовуш текширув аппаратлари воситасида кўплаб касалликлар бўйича аниқ ташхис қўйилди.

Наманганлик ҳамкасбларимиз ташаббуси билан мазкур анжуман ташкилланди. Чунки, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Шунга кўра, Россия пойтахтидаги илмий-тадқиқот марказларининг энг тажрибали мутахассислари ва олимлари билан Наманганга келганмиз. Анжуман дастурига кўра ҳозирги давр тиббиёти ютуқлари асосида касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли даволаш ва юқори технологияли жарроҳлик амалиётларидан сўнг беморларни тезроқ оёққа турғазиш бўйича ўз изланиш ҳамда кузатувларимиздан келиб чиққан ҳолда зарур тавсия ва маслаҳатлар беряпмиз, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Юлия Степанова. – Юқори технологик жарроҳлик тиббиётнинг энг юксалаётган соҳаси. Ҳар доим ҳам вилоят ёки туманларда иш олиб бораётган маҳаллий шифокорлар бу ютуқлардан воқиф бўлишга фурсат топишмайди. Бугунги анжуман улар учун бағоят қулай имкониятдир. Маърузаларда қайд этилган янги усул ва услублар кўп йиллик заҳматли тадқиқотлар маҳсулидир. Албатта, бир-икки кунда тўлиқ малака ошириб бўлмайди. Биз қандай ихтисосликлар бўйича шифокорларни қайта тайёрлашга эҳтиёж сезилса, ўша йўналишларга оид малака ошириш курсларини очишга тайёрмиз. Ҳамкорлигимиз изчил давом этади, деган умиддамиз.

Эзгу мақсад билан уюштирилган илмий-амалий анжуман ва жарроҳлик ҳафталиги Наманган тиббиёти тарихида янги саҳифалар очилишига тамал тоши қўйди, десак муболаға эмас. У гастроэнтерологик ва бариатрик жарроҳлик соҳаси равнақига хизмат қилади. Хорижлик тиббиётчиларнинг бой тажрибасини ўрганиш ва уларни вилоятимизда қўллаш халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда долзарб аҳамиятга эга. Зеро, замонавий технологиялар тиббиёт келажагидир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.