Яна бир ўта ноёб ва ғоят мураккаб гибрид жарроҳлик амалиёти туфайли ҳаёти хавф остида турган беморнинг умри узайтирилди.

60 ёшдан ошган Н.Б. юрак хасталиги билан РШТЁИМ Наманган филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган эди. Олиб борилган тиббий хизматга қарамай, унинг аҳволи ёмонлаша бошлади. Вазият таранглашаётганлиги туфайли даволовчи шифокор Музаффар Мўминов талаби билан бемор қўшимча юқори технологик тиббий текширувлардан ўтказилди. Юрак чап қоринчасига хос етишмовчилик аниқланди.

Юрак олд деворларининг ёрилиши кузатилди. Ўткир миокард инфарктнинг бошланиши таъсирида ривожланган қоринчалараро нуқсон белгиси эди – бу. Натижа хавотирли бўлиб, кутилмаганда ўлим ҳолати юз бериши эҳтимолдан холи эмасди. Шу боис, зудлик билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали мутахассисларига мурожаат қилинди. Филиалнинг рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими мудири Акмалжон Жалилов дарҳол ёрдамга етиб келди.

Ҳолат жуда ҳам таҳликали бўлиб, шошилинч чоралар кўришни тақозо этарди. Маслаҳатлашувлар якунида оғир дардни бошидан ўтказаётган хастаҳолни кардиология шифохонасига кўчиришга ва тезда жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилинди. Касалликнинг мураккаблиги инобатга олиниб, яъни бу турдаги жарроҳлик амалиёти илк бора ўтказилаётганлиги учун Тошкентдан малакали кардиожарроҳлар ҳам чақирилди.

Тунда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида бир гуруҳ тажрибали кардиожарроҳлар ишга киришишди. Республика юрак туғма ва орттирилган нуқсонларини интервенцион усулда даволаш бўйича етакчи мутахассиси Музаффар Жўралиев ва ёрдамчиси Ҳасан Олимовлар кўрсатмаси асосида наманганлик кардиожарроҳлар Акмалжон Жалилов, Аброр Абдуллаев, Ғафуржон Эгамовлар икки босқичли мураккаб жарроҳлик амалиётини олиб боришди.

Юракнинг олд оралиқ чўққи деворида ўткир миокард инфаркти ривожланган эди. Ёпиқ усулда кечган амалиёт чоғида дастлаб юрак тож томирларининг коронагра­фияси чоғида зарарланган томир аниқланди, йирик томир шохчасида экан. Шунинг учун балонли ангиопластика операцияси бажарилди. Қон томир деворидаги тромбли тўсиқ бартараф қилинди. Қон оқими тикланди, – дейди рентген­эндоваскуляр жарроҳлик бўлими мудири Акмалжон Жалилов. – Иккинчи амалиёт бундан ҳам нозик ва мураккаб эди. Жарроҳлар олдида беморда кечаётган ўткир миокард инфаркти туфайли ёрилган қоринчалараро тўсиқни бартараф этишдек ўта мураккаб вазифа турар эди. Шунинг учун ҳам "Транскатетер" – қоринчалараро нуқсонга қарши оклюдер инплантацияси олиб борилди.

Тажрибали шифокорларнинг биргаликдаги сидқидил саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ амалиёт муваффақиятли якунланди. Ҳозир бемор интенсив даволаниш жараёнида.

Шуниси эътиборга моликки, ҳозирга қадар бу усулдаги жарроҳлик амалиёти мамлакатимизда тўрт марта ўтказилган эди. Бешинчиси эса Наманганда муваффақиятли бажарилди. Бу – мутахассисларимизнинг илмий салоҳияти, касбий маҳорати тобора ошиб бораётганидан далолатдир, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов.

Мана бу далиллар ҳам янгиликнинг моҳияти нақадар муҳимлигини тасдиқлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқоридаги ташхис кузатилган беморларнинг 18 фоизи шифохонага етиб боргунча, 55 фоизи эса касаллик бошланганидан олти соатдан сўнг оламдан кўз юмади.

Дарҳақиқат, Наманган кардиожарроҳлари тарихий амалиётга қўл урдилар. Бу яратилаётган қулай имкониятлар, жаҳон тиббиёти ютуқларини, хорижий тажрибаларни қўллаш сари дадил интилишлар самарасидир. Соҳани ривожлантириш борасидаги изчил изланишлар эса давом этмоқда.

Абдулла ҒОЗИЕВ.