Вилоят тиббиёт ходимлари ҳам "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида бошланган "Долзарб 40 кунлик" акциясида фаол қатнашмоқдалар. Барча шифохона, оилавий поликлиника, шифокорлик пунктлари ҳудудларида гуллар, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яқинда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан "Пахталикўл" сиҳатгоҳи дарахтзорлари ичида "Тиббиётчилар боғи"ни яратишга киришилди. Шу боис эрталабданоқ вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларининг ходимлари ўз ҳисобларидан олинган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари билан сиҳатгоҳга етиб келдилар.

Ҳудудда 34 гектар экин майдони бор. Унинг аксариятини дарахтзорлар ташкил этади. Энди тиббиёт масканимиз атрофи боғу бўстонга айланадиган бўлди. Яна беш гектар ерда ҳашар усулида боғ ташкил этилмоқда,-дейди сиҳатгоҳ бош шифокори Тоҳиржон Турдиев.

Ҳашар зўр уюшқоқлик билан бошланди. Янги боққа ва дарахт­лари қуриб қолган майдонларга қарағай ҳамда бошқа манзарали дарахт ниҳоллари, мевали дарахт кўчатлари экилди. Унда РШТЁИМ Наманган филиали, вилоят кардиология маркази ва ўнлаб тиббиёт муассасаларининг вакиллари ғайрат-шижоат кўрсатишди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазилди. Бу хайрли иш бардавомдир, – дейди бош мутахассис Аслиддин РАҲМОНОВ.