Айни пайтда мамлакатимизда қизамиқ ва қизилчага қарши миллий эмлаш кунлари бўлиб ўтмоқда. Дунёдаги қизамиқ бўйича мураккаб эпидемиологик вазиятни эътиборга олиб, касалликнинг республикамиз ҳудудига кириб келиши ва аҳоли ўртасида кенг тарқалишининг олдини олиш долзарб масалага айланган. Мазкур тиббий тадбир моҳиятини аҳолига тушунарли ва аниқ тарзда етказишда ОАВларнинг ўрни беқиёсдир.

Шу боис пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда журналистлар учун семинар ташкил этди. Унда қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш кампанияси юзасидан тушунчалар берилди.

Маърузаларда қайд этилишича, мамлакатимизда қизамиққа қарши фаол профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Бироқ ушбу ўта юқумли касалликлар қўшни давлатларда кузатилаётганлиги ташвишлидир. Кўпчилик қизамиқ ва қизилчани шунчаки бир тошма сифатида тасаввур қилади. Аслида ундай эмас. Ҳар иккиси ҳам ҳаво орқали юқадиган инфек­ция­дир. Аҳолининг бу касалликлар ҳақида хабардорлигини ошириш даркор.

Ўзбекистонда қизамиқ ва қизилча тарқалишининг олдини олиш бўйича изчил чоралар кўрилаётганлиги жуда аҳамиятли. Ҳозир амалга оширалаётган эмлаш тадбири касалликнинг кенг тусда ёйилишига чек қўяди, албатта. Эмлаш самарадорлигида одамларга вакцинация ҳақида тўғри маълумотларни етказиш муҳим аҳамият касб этади. Ота-оналар буни яхши билишлари ва эмлаш борасида фаол бўлишлари зарур. Семинарни ташкил этишдан мақсад журналистларнинг қизамиққа ва қизилчага қарши вакцинациялашнинг моҳияти, уни муваффақиятли ўтказишга оид ёндашувлар борасидаги маълумотлар билан таништиришдан иборат. Улар томонидан тайёрланадиган кўрсатув ва радиоэшиттиришлар, ёзиладиган мақолалар қанчалар тўлақонли бўлса, аҳолининг эмлаш ишлари натижадорлигига ишончи ортади. Умид қиламизки, ОАВларнинг ёрдами билан иммунизация жараёни муваффақиятли кечади, – дейди ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Цици Сингизи.

Икки кунлик анжуман давомида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган соҳага ихтисослашган журналист ва блогерлар қизамиқ ва қизилча касалликларига қарши эмлаш ишларининг аҳамияти, уларни ёритишда эътибор бериш лозим бўлган жиҳатлар ва бу борадаги халқаро тажриба ҳақида атрофлича маълумот олдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.