дейди суҳбатдошимиз Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов.
– Биз яхши биламизки, юрак инсон қонини ҳаракатга келтирувчи ягона муҳимдан муҳим аъзо саналади. Қон аслида жондир. Унинг ҳаракатисиз умр тугайди, у уриб турсагина ҳаётбахш. Тўхтаса, яшаш неъмати интиҳо топади. Вақтида бир маромдаги зарбида ўзгариш сезилса, янаям аниқроғи – тезлашсаям, секинлашсаям ҳаётимизга хавф туғилади. Хасталик бошланади. Агар вақтида врачга учрасангиз, текширув ва таҳлиллардан ўтиб, зарур даво муолажаларини олсангиз, тузалиб кетишингиз мумкин. Ҳозирги пайтда эса, энг оғир ҳолатдаям кардиологларимиз нажот беришга қодирлару, лекин қанча барвақт муолажага киришилса, бемор ҳам дарддан шунча озорсиз қутулади.
Суҳбатдошимиз "қанча барвақт" деган иборани бежиз алоҳида таъкидлаб ўтмади. Ахир юрак хасталиги оқибатида даставвал беҳолланиш юз беради. Бош айланади, кўз тинади. Совуқ тер босади, хушдан кетасиз, бора-бора охир умрингизга эрта нуқта қўйилиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, ҳаёт билан ўлимнинг ўртаси гўёки бир қадамдек. Баъзан кунгинамас, соатгинамас, дақиқалар қанчадан-қанча одамни бевақт кўз юмишдан сақланиб қолишига имкон берган. Хулоса шуки, врачлар – чиндан халоскорларимиздир. Мулоқотимиз мазмун-моҳияти айнан ана шу ҳақда.
– Солижон Жалилович, 2022 йилда юрак-қон томир касалликлари бўйича амалга ошириб келинаётган ишлар қамров ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганининг боиси нимада?
– Албатта, мамлакатимизда тиббиётнинг тизимли тараққиётига давлат миқёсида талаб ва ғамхўрлик муттасил ортиб бораётганида. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ғоят катта аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Мазкур қарордан мақсад аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда РИКИАМ фаолиятини трансформация қилишдир.
– Ана шу қарор асосида жамоадошларингиз қандай вазифаларни бажаришаётир?
– Аввало, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш учун бирламчи бўғин мутахассис ходимларига тиббий кўрикларни йўлга қўйиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга фаол кўмаклашяпмиз. Маҳорат сабоқларини беряпмиз. Наманган туман тиббиёт бирлашмасини оталиққа олган бўлсак, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси ва тавсияси билан сентябрдан бошлаб ҳафтанинг ҳар шанбасида кўмакчи гуруҳимиз туманларга навбатма-навбат чиқиб, ҳамкасбларига ёрдамлашмоқда.
Кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг кардиолог хоналарида диспансер назорати реестрида беморларнинг рўйхати деярли тўла шакллантирилди. Энг муҳими, эътиборни кучайтирган ҳолда "Д" назоратдагиларнинг карталарида ўтказилган лаборатор ва инструмент текширувларининг натижалари талаблар даражасида бўлишини таьминлаб келяпмиз. 40 ёшдан юқори аҳолининг скринингдан ўтказиш режага мувофиқ уддаланишига эришяпмиз. Юрак-қон томир касалликлари аниқланган беморларнинг электрон реестри юритилиб, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида" бўлганларга эналаприн дори воситасини бепул тарқатишга киришилган.
– Яхши биламизки, сизлар юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказиш бобида республикада илғорлар сафида турасизлар. Шу йўналишдаги ишларга ҳам қисқача тўхталсангиз.
– Филиалимизда фақат кардиожарроҳлик бўлими мутахассисларигина эмас, ҳатто рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими ходимлари ҳам кўпгина илм-фан янгиликларини амалиётда дадил қўллашяпти. Интервенцион кардиологларнинг тажрибаси тобора бойитилмоқда. Улар юрак-қон томирларини стендлаш, шунтлаш ва бошқа мураккаб жараёнларни энг замонавий аппаратлар ва тиббий ускуналардан моҳирона фойдаланишиб, қанчадан-қанча беморларнинг ҳаётини узайтиришга мушарраф бўлишмоқда. "Нега"? – деган саволга қисқа қилиб жавоб берадиган бўлсак, филиалимизга пойтахтимиз Тошкентдан навбатма-навбат марказимизнинг энг зукко, энг уддабурон, энг тажрибали хурурглари ташриф буюришади. Қолаверса, хорижликларнинг ҳам қадамлари узилмайди. Тез-тез кўргазмали маҳорат сабоқлари йўсинида ўта мураккаб амалиётлар бажарилади. Масалан, баҳорда россиялик ҳамкоримиз Видади Умудович Эфендиев очиқ усулдаги уч босқичли операцияни бўлим мудири Абдусалом Хўжамбердиев ҳамда Орифжон Қосимовлар билан биргаликда сифатли уддалашди. Бир йўла бемор юрак томирининг аорта қисми тўла алмаштирилди, ортал клапан қўйилди, метрал трикуспидал клапан пластикаси бажарилди.
– Ўзларингиз ҳам хорижга чиқиб, тиббиёти ривожланган мамлакат мутахассисларининг илғор тажрибаларини ўрганиб қайтаётганингиздан бохабармиз. Кейинги пайтларда шахсан наманганлик кардиологлар вакили сифатида Австрия ва Россияга бориб келдингиз. Ўша таассуротларни ҳам ёдга олсангиз?
– Вилоятимиз ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов раҳбарлигида Австрияда бўлганимизда кўпгина ҳамкорлик келишув ҳужжатларини имзоладик. Уларнинг вакиллари эса меморандумга мувофиқ Наманганимизгаям ташриф буюришиб, дастлабки қўшма лойиҳалар устида иш бошлаб юборишди.
Баҳор ўтиб, ёз бошида Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари учун "Соғлиқни сақлашда менежмент-2022" шиори остида ўтказилган тўртинчи халқаро анжуманда қатнашдим. Қалмиқда рентгенэндоваскуляр хирургия йўналиши, айниқса, нейроинтервенция соҳаси яхши ривожланган. Улар билан шунинг учун ҳамкорлик меморандуми имзолаганимиз айни муддао бўлди. Сочидаги бирламчи тиббиёт тизими фаолиятини ўрганиб, ўзимизга керакли хулосалар ясадик.
Вилоятимиз делегацияси ўтган ҳафта Россия Федерациясининг Самара вилоятида сафарда бўлди. Жумладан, Тольятти-Наманганнинг соғлиқни сақлаш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари хусусида ҳам келишиб олинди. Тольятти кўп тармоқли регионал шифохонаси 2700 стационар ўрин қувватга эга бўлиб, нафақат Россияда, балки Европада ҳам йирик тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Бу ерда 50 дан ортиқ клиник бўлимлар: жумладан, педиатрия, кардиология, кардиохирургия, нейрохирургия, қон-томир жарроҳлиги, урология, травматология, болалар тор соҳа бўлимлари ва туғруқхона бўлимларигача мавжуд.
Наманган вилоят соғлиқни сақлаш тизимидан вакил сифатида биз шифохона бош врачи Алексей Кирсанов билан учрашдик. Меҳмон олиб борилаётган ишлар, имкониятлар, беморлар учун яратилган шароитлар билан таништирди. Айниқса, юрак-қон томир бўлимида, операцион блокда ва поликлиникалардаги хоналарда дефибиллятор мавжудлигини кўрсатувчи белгилар борлиги зўр қизиқиш уйғотди. Бизлар кўп йўналишларда ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олдик.
Келгусида биргаликда конференциялар ва семинарлар ташкил этиш, "маҳорат дарслари" доирасида юқори технологик амалиётлар ўтказиш, тажриба алмашишларни ўз олдимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз.
– Эзгу ниятларга етишишингизга биз ҳам ишонамиз. Бу борада янгидан-янги режалар натижага айланаверсин!
Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.