Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сонли Фармони ҳамда "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги" ПҚ-4890 сонли Қарорининг бажарилиши бўйича бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан вилоятимизда кенг миқёсли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳар 2000 нафар аҳолига биттадан тиббий бригада ташкил этилди. Ҳозирда 1272 та тиббий бригада фаолият олиб бормоқда.

Тиббий бригада оилавий шифокор, 2 та патронаж хамшираси, амалиётчи ҳамшира ва доядан иборат. Бу эса вазифаларни тўғри тақсимлашга, иш самарадорлигини оширишга, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтиришга, касалликларнинг олдини олишга, қабулга келган беморлар учун қулайликлар яратилишига имкон беради. Беморлар оилавий шифокор қабулида бўлгунча барча текширувлар амалиётчи ҳамшира иштирокида шифокор олди кўрув хонасида ўтказилади. Лаборатор текширувлардан сўнг оилавий шифокор қабулига киритилади. Бу билан ўз навбатида оилавий шифокор қабулидаги беморлар тирбандлигининг олди олинади.

Шифокор олди кўрув хоналарида қуйидаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар бўлади: катталар, болалар учун тарози ва бўй ўлчагич, сантиметрли лента, тонометр, фонендоскоп, ЭКГ, пульсоксиметр ва компьютер жамланмаси.

Оилавий шифокор қуйидаги вазифаларни амалга оширади: беморларни қабул қилиш, шикоятларни ва анамнезни йиғиш, стандарт асосида кўрик ташкил этиш, имкониятлар ва шароитлардан келиб чиқиб, миллий ва халқаро стандартлар асосида болалар ва катталарда ўткир ҳамда сурункали касалликларни ташхислаш ва даволаш. Катталар ва болалар касалликларини миллий стандарт ва протоколлар асосида даволаб бориш. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш. Шошилинч ёрдам бўлган заруриятни аниқлаш ва керакли мутахассисга йўналтириш. Хонадонда мақсадли тиббий ёрдамни ташкил этиш. КТМП ва шифохона мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаш. Тиббий бригада аъзолари фаолиятини индикаторлар асосида баҳолаш ва рағбатлантириш чораларини кўриш. Ўз фаолиятини таҳлил қилиб бориш кабилар.

Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишда ҳар бир фуқарога кафолатланган пакет доирасида тиббий ёрдам олиш ва шу пакет доирасида дори воситаларини бепул рецепт асосида бериш йўлга қў­йилади. Беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида амбулатор муолажалар кундузги стационар бўлимларида амалга оширилади, станционар даволаниш учун оилавий шифокор барча тиббиёт муассасаларига йўлланмалар бера олади. Беморлар эндиликда фақат туман шифохонасида эмас, балки йўлланма билан барча тиббиёт муассасаларида, вилоят ихтисослашган тиббиёт марказларида, малакали тиббий ёрдам олади.

Келгусида тиббиёт ходимларига кунбай эмас, ишбай ҳақ тўлаш меха­низми жорий этилади. Тиббиёт муассасасида соғлом рақобат муҳити яратилади, соҳада очиқлик ва шаффофлик таъминланади. Бу эса оилавий шифокорларни иш фаолияти самарадорлигини оширишга, ўз устида ишлашга, билимини доимий мустаҳкамлашга, малака тоифасини ўстиришга, касбига масъулият ва садоқат билан ёндашишга ундайди.

Мухторжон ЖЎРАБОЕВ,

Давлат тиббий суғурта жамғармасининг

ҳудудий бош мутахассиси.