Фармон: 2018 йил 1 мартдан ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган шаҳар йўловчи транспорти воситаларини сотиб олиш тақиқланади

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" ги қарорига мувофиқ иш юритяпмиз. 62-сонли мазкур қарор билан тасдиқланган "Фуқароларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомда барча вазифаларимиз, масъулиятимиз ва тартибларимиз тўлиқ ифодасини топган. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси – ТИЭК қуйидаги фаолият билан шуғулланади:

Фуқарони ногиронлиги бўлган шахс деб топиш ТИЭК томонидан, ўн саккиз ёшгача болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш эса – педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси (вилоятда иш юритади) томонидан амалга оширилади.

Тиббий-ижтимоий экспертиза натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқарога – ногиронлик гуруҳи, унинг белгиланиши сабаби ва муддатлари, ўн саккиз ёшгача болаларга эса – қайта текширувдан ўтиш муддати билан "Ногиронлиги бўлган бола" тоифаси белгиланади.

ТИЭКда фуқароларни кўрикдан ўтказиш бепул амалга оширилади. Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатимиз ҳудудида домий яшайдиган хорижий давлат фуқаролари ва тиббий муассасаларнинг йўлланмасига эга фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам кўрикдан ўтказилади.

Карантин (эпидемия ва пандемия) тадбирлари, тибиий офатлар, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда ҳолатлар даврида кўрик электрон шаклда тақдим қилинган тиббий ҳужжатлар асосида сиртдан ўтказилиши мумкин.

Тиббий муассасаси раҳбари ТИЭКга тақдим этилаётган ҳужжатларнинг асослилигига, тўлиқлилигига ва ўз вақтида юборилаётганлигига жавобгар ҳисобланади.

Низом талабига мувофиқ касаллиги туфайли узлуксиз 4 ой, узилишлар билан 6 ой давомида даволанишга қарамасдан (силга чалинган бемордан ташқари) ҳаёт фаолиятининг чекланиши, шунинг­дек, организм функциясининг тур­ғун бузилиши сақланиб қолган шахс­лар;

силга чалинган шахсларда касаллик бирламчи аниқланган ҳолларда охири 12 ойда узлуксиз 10 ой, шунингдек, силга қарши диспансерда аввал ҳисобда туриб, асосий касаллиги зўрайган ҳолларда 6 ой давомида даволанишига қарамасдан ҳаёт фаолиятининг чекланиши, организм функциясининг турғун бузилиши сақланиб қолган шахслар кўрик учун қабул қилинади.

Яна бир ҳолатга Низомда алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлар, шунингдек, нохуш клиник прогнозларга эга касалликларга чалинган ва уларнинг асоратлари бўлган шахсларнинг тиббий ҳужжатлари юқорида кўрсатилган муддатлардан олдин, клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, ТИЭКга юборилади. Тақдим қилинган тиббий ҳужжатлар асосида шахснинг иштирокисиз улар ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилганда ногиронлик муддатсиз белгиланади.

Юқоридаги келтирилган ҳолатларда 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронлик хулосаси 18 ёшга тўлгунгача бўлган муддатга берилади.

Маҳмуджон ЙЎЛДОШЕВ,

58-туманлараро Тўрақўрғон тиббий-ижтимоий экспертиза

комиссиясининг эксперт-врачи.