Куз оёқлади. Саноқли кунлардан сўнг қиш совуқ "қиличини" қайраб кириб келади. Бугун эса гўё эшик қоқиб тургандай. Соғлиқни сақлаш муассасаларида даволовчиларга ҳам, даволанувчиларга ҳам меъёридаги иссиқликни таъминлаш ўта муҳим вазифа. Афсуски, мавсумолди тайёргарлиги учун зарур маблағлар йўналтириб келинганига, режадаги ишлар изчил назоратга олинганига қарамай, ҳозиргача икки хил манзара кўзга ташланмоқда. Раҳбару ташкилотчи мутасаддилар масъулиятни чуқур ҳис этишган жойларда шароитлар қишга мос ҳолатда, бепарволик ва лоқайдликка берилган шахсларнинг айби билан эса кўпгина даволаш-профилактика муассасаларида иссиқлик меъёри паст ёки кафолатли эмас. Ҳозиргача қилинадиган юмушлар пайсалда.

Албатта, гап эгасини топади. Шунинг учун бу гал биз қаерда қандай камчиликлар борлигини айтиш билан кифояланяпмиз. Чунки, тиббиётчилар соғлиқни сақлаш, мустаҳкамлаш ва касалликнинг олдини олиш билан машғулдирлар. Совуқ эса, соғлиқнинг кони душмани. Меъёрдаги иссиқлик таъминланмаган шифохонада бемор дардига дард қўшилади. Айтишади-ку, "Шамоллаш – барча касалликларни чақиради" деб...

Вилоят соғлиқни сақлаш масканларида қишга тайёргарликнинг бугунги аҳволи қандай? – деган саволга текшириш қайдларидан жавоб излаймиз.

Наманган шаҳрида.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бинолари қишга тахт эмас. Бир талай хоналарнинг деразаларига целефон қопланмаган. Эшикларга пружиналар, хоналарга ақлли лед лампалар ўрнатилмаган. Иссиқликни қайд этиш дафтари юритилмаган. Вилоят қон қуйиш марказида ҳамда Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳам худди шундай кўнгилсиз манзара ҳукм суряпти.

Шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-оилавий поликлиника эшикларига ҳали тўла пружина ўрнатилмаган. Ачинарлиси, қозонхонадаги иситиш тизими насоси қуйганлиги оқибатида хоналар ҳарорати паст, совуқ. Бу ҳол ишловчиларниям, келувчиларниям ранжитяпти.

Вилоят болалар стоматология поликлиникасидаги аҳвол ҳам юқоридагилардан қолишмайди.

Наманган туманида.

Бешкапа болалар сиҳатгоҳида куз-қиш мавсумига беписанд муносабат шундоқ кўриниб турибди. Бинолар деразаларида целофан қоплама ҳозиргача йўқ. Эшиклар пружинасиз. Қозонларга ўт ёқилмаган. Хоналар совуқ.

Мингбулоқ туманида.

Тиббиёт бирлашмасининг шу ишга масъуллари ўзибўларчилик кайфиятида. Туғруқ ва гинекология, болалар бўлими биноларидаги хоналарда совуқ кезиб юрибди. Кириш эшиклари зич ёпилмайди. Атиги 1 та қозондангина фойдаланиляпти, холос. Табиий газ босими паст, иссиқлик узатувчи насослари таъмирталаб. Заҳира электр токи юбориш учун генератордан қозонхонага қўшимча электр тармоғи тортилмаган. Дамкўл, Қайрағочовул оилавий шифокорлик пунктларини яхшироқ иситиш чора-тадбирлари кўрилмаган.

Косонсой туманида.

Туман тиббиёт бирлашмасида куз-қиш мавсумига ҳозирлик қониқарсиз. Бирлашма ҳовлисида кўмир очиқ майдонга ғарамланган. Ҳатто усти яхшироқ суваб қўйилмаган. Яна кислород баллонларигача қаровсиз ҳолатда ерга ташлаб қўйилган. 6-оилавий поликлиника эшигига пружина ўрнатилмаган. Ёнғин хавфсизлиги асбоб-ускуналари билан жиҳозланмаган.

Янгиқўрғон туманида.

Тиббиёт бирлашмасида бепарволик шу даражага бориб етганки, биноларни иситиш мутлақо талабга жавоб бермайди. Масалан, болалар бўлимидаги хоналарда қўлбола иситгичлардан фойдаланишга мажбур бўлинмоқда. Жам­ғарилган кўмирни сақлашга эътибор берилмаяпти. Электр токи тежаб-тергаб ишлатилиши ўрнига исроф қилинмоқда. Қўшимча ёритиш чироқлари кераксиз пайтларда ҳам ўчириб қўйилмаётганини қандай баҳолаш мумкин?

Уйчи туманида.

Тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси хоналари меъёрида истилмаяпти. Оқибатда хоналар ҳароратини қўшимча иситиш воситалари орқали маъёрига етказишга йўл қўйиб берилаётир. Ортиқча электр энергияси кетказиляпти. Бу каби салбий ҳолатлар 36, 37-оилавий поликлиникаларида ҳам учратилди. Хоналар совуқ, эшикларга пружиналар ўрнатилмаган. Ақлли сенсор лампалардан фойдаланилмаяпти.

Давлатобод туманида.

Тиббиёт бирлашмасининг қишга жамғарган кўмири қаровсиз ётибди. Усти сувалмаган. Биноларни иситиш талаб даражасида ташкил этилмаяпти. Ёнғин хавфсизлик қалқонлари тўлиқ жиҳозланмаган.

Юқоридагилардан шундай хулоса ясашимиз мумкинки, қишли-қировли синов даврига тўла-тўкис тараддуд билан келинмагани эртага ортиқча ташвиш туғдириши, қимматга тушиши, кўплаб эътирозларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбар ва мутахассислари! Ҳали ҳам кеч эмас. Ўз вазифангизга ҳамиша масъулият билан қаранг! Ана ўшанда талаби қаттиқ қиш синовидан муваффақиятли ўтасиз. Аксинча бўлса, "Аттанг!"деб тиббиётчилару халқ олдида ҳижолатдан қизариб қолишингиз шак-шубҳасиз. Ахир совуқ бўлса хоналарўтмайди баҳоналар!

Ҳақ НАЗАР.