Мана, мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини ҳам нишонлаб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадамлар ташлаяпмиз. Албатта, ўтган вақт давомидаги изчил ислоҳотлар халқ манфати учун хизмат қилиб келмоқда. Чунки, Бош Қомусимиз халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси сифатида ҳам назарий, ҳам амалий ҳаракатларимизни эзгу мақсадларга йўналтириб турибди.
Агар таъбир жоиз бўлса, Конституциямиздаги ҳуқуқларимиз бизнинг жамиятимиздаги ҳақдорлигимизу, бурчларимиз жамият олдидаги қарздорлигимиздир. Яна бошқача айтсак, ҳуқуқларимиз – имконият ва имтиёзларимиз, бурчларимиз – мажбуриятларимиздир:
Шу боис, ҳар иккиси ҳаёт тарозисининг икки палласидир;
Шу боис, ҳар иккиси бизни жамият аъзоси сифатида жамиятга муносабатимиз мезонини белгилайди;
Шу боис, ҳар иккиси жамият тараққиёти таянчи ҳисобланади;
Шу боис, ҳар иккиси доирасидаги амалиётларимизга қараб, ижтимоий фаоллигимиз баҳоланади.
Ҳар қандай давлат – қонунлар билан тирик, қонунлар билан барқарор. Қонунлар эса халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига мутаносиб ҳолда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларига хизмат қилмоғи шарт. Мамлакатимизда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатимизнинг Бош қомусидир. Конституциянинг 2-моддаси: "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар" деб белгилаб қўйилган. Шунга кўра, давлатнинг халқ манфаатларидан бошқа манфаати йўқ, ҳатто манфаатларимиз кафолати сифатида давлат ўз органлари ва мансабдорлари зиммасига катта масъулият юклаган. Бундан ягона мақсад жамиятнинг жонли танасида доимий равишда ҳаётбахш "қон оқишини" таъминлашдир. Ўз навбатида жамиятни ташқи хавфли "вирус"лардан асрашни ҳам назарда тутади.
Давлатнинг барқарорлиги – жамиятнинг соғломлигида. Конституциямизнинг 40-моддасида: "Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга" деб қатъий кафолатлаб қўйилган. Янги Ўзбекистонимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг энг кўзга кўрингани, энг самарадори тиббий ислоҳотлар эканини бугун ҳеч ким инкор этолмайди. Ахир инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун қўйилмоқда. Тиббиёт халққа яқинлаштириляпти. Кечаги орзулар бугун оддий ҳаёт ҳақиқатига айлантириляпти. Кейинги беш йил давомидаги ўзгаришлар чинакамига беқиёс. Ёшу қарининг саломатлиги доимий назоратда. Меҳр-эътибор шу даражадаки, ҳеч ким ҳеч қачон ундан четда қолмаслиги таъминланмоқда. Ҳатто 60-70 ёшларни кексалар дейишга тилимиз бормай қоляпти. Фақат кўринишдагина қаримаган қиёфа касб этаётганлари йўқ, аслидаям жисмоний тетигу бардамлик уларнинг танасини тарк этишга шошилмаётир. Сабаби, соғлом турмуш тарзи шакллантириляпти. Жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш кундалик одат тусига кирмоқда. Саломатликлари жойида, сал ўзларини нохуш сезишсалар, малакали тиббий ёрдам муҳайё. Ҳамма жойда бирдай ҳам тез, ҳам шошилинч тиббий хизмат ходимлари кеча-кундуз шай туришибди. Шундай шароитларда умр узаймаслиги мумкинми?! Сира-сира кўз тегмасин фаровон ҳаётимизга! Саломатлигимиз посбонларининг ўзлари ҳам бахтимизга омон бўлишсин!
Ҳозир бутун халқимиз Конституциямиз қабул қилинган қутлуғ санани муносиб нишонлаш тараддудида. Шу йил 8 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида" Фармони эълон қилинди. Фармонга кўра "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва бошқа шахслар тақдирланишади.
Яқинлашиб келаётган Бош Қомусимизнинг 30 йиллиги муборак бўлсин, азиз тиббиётчилар!
Содиқ САЙҲУН.