Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимизда Тиббиёт ходимлари куни нишонланади. Эл дардига дармон истаётган юртимиз саломатлик посбонлари бу йилги касб байрамларини ҳар жабҳада юқори натижаларга эришган ҳолда кутиб олмоқдалар. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди ИМИНОВ билан суҳбатимиз соҳадаги ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида кечди.
– Жорий йил Ўзбекистон тиббиёти тарихида ўчмас из қолдирадиган буюк ўзгаришлар даври бўлмоқда, десак янглишмаймиз. "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да халқимизни тиббий хизматдан рози қилиш йўлидаги эзгу ишларнинг кўлами кенгайди. Абудулҳоди Муҳиддинович, даставвал бу янгиланишлар Наманган тиббиётида қандай намоён бўлганлиги ҳақида фикр юритсак.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни халқимиз саломатлигини ишончли муҳофаза этишга қодир соҳага айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда эса тиббиётда кескин бурилиш ясалмоқда. Маълумки, Президентимизнинг 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилган эди. Уларни фаолиятга астойдил татбиқ этиш туфайли соғлиқни сақлашнинг барча йўналишларида ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
– Газетхонларимизга янада тушунарли бўлиши учун суҳбатимиз аввалида бирламчи бўғиндаги ўзгаришларга тўхталсангиз.
– Ҳар бир соҳанинг муваффақиятини таъминловчи бўғинлар бўлади. Тиббиётда бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматининг натижадорлиги кўп жиҳатдан соғлиқни сақлаш тизими ишининг самарали ташкилланишига боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу бўғин фаолиятини муттасил яхшилаш изчил вазифага айланган.
Йилнинг ўтган даврида тиббиётни аҳолига яқинлаштириш мақсадида олиб борган ишларимиз айнан бирламчи тиббиёт масканларида кечди. Бугунги кунда вилоятимизда 182 та КТМП, оилавий поликлиника ва қишлоқ оилавий шифокорлик пунктлари мавжуд. Биринчидан, уларнинг иш вақти эрталаб соат 8 дан кечки 20 гача узайтирилди. Иккинчидан, барчасида кундузги стационарлар очилди. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда эса болалар бўлимлари ташкил этилди. Энг муҳим янгиликлардан бири – вилоятимизнинг энг олис ҳудудларида 154 та маҳалла тиббиёт пунктлари фаолияти йўлга қўйилганидир. Энди одамлар йироқ масофаларга қатнаб эмас, уйларига яқин жойлардаги тиббиёт масканларида муолажалар олишлари мумкин. Бундан ташқари, Учқўрғон, Тўрақўрғон, Чуст ва Уйчи туманларида илгари ёпилиб кетган оилавий шифокорлик пунктлари аҳолига қайтадан тиббий хизмат кўрсата бошлади.
– Тизим фаолиятининг яна бир муҳим қирраси ихтисослаштирилган тиббий хизматда кўринади. Эндиликда бу йўналишдаги ишлар ҳам жадал ривожланиш босқичида деб ўйлаймиз.
– Албатта, шундай. Касалликларни эрта аниқлаш ва сифатли даволаш худди шу хизмат зиммасида. Кардиология, эндокринология ва онкология соҳаларига оид хасталикларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли амалга оширилмоқда. Йил бошидан айнан юқоридаги ихтисосликлар бўйича скрининг текширувлари бошланган. Шуниси диққатга сазоворки, аҳолининг 40 ёшдан ошган қатлами мазкур текширувга жалб этилмоқда. Эътиборга лойиқ жиҳати – скрининг ишлари бевосида яшаш жойларидаги тиббиёт масканларида, ҳатто хонадонларда ўтказилмоқда. Бу ўринда "Саломатлик" профили, сайёр маммография, "Мобил поликлиника" каби воситалардан унумли фойдаланилмоқда.
Тўққиз ойдаги маълумотларга кўра, 133 нафар беморда кўкрак бези, 146 аёлда бачадон бўйни саратони эрта аниқланди. Қолаверса, 5 мингдан зиёд кишида эндокрин, 24 мингдан ортиқ одамда юрак-қон томир касалликлари борлиги текширувлар чоғида маълум бўлди. Ваҳоланки, бу инсонлар касаллик аломатларини ҳали ҳис этишмаганди.
Ҳозир улар диспансер назоратига олиниб, соғломлаштирилмоқда. Тасаввур қилинг, агар скрининг текширувлари олиб борилмаганида шунча беморда кардиологик, эндокринологик ва онкологик касалликлар авж олиб кетган бўлар эди.
– Ихтисослаштирилган тиббий хизмат фаолияти хусусидаги мавзуни яна давом эттирсак, эндиликда замонавий даволаш технологияларини қўллаш, айниқса юқори технологик амалиётларни жорий этиш одат тусига кириб боряпти. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз?
– Бугун тиббиёт шитоб билан тараққий этмоқда. Илгари хорижда ёки пойтахтимизда ўтказиб келинган жарроҳлик амалиётларини вилоятларда, шу билан бирга туманларда ташкил этиш ўта долзарб вазифага айланди. Президентимизнинг ташаббуслари билан республика тиббиёт марказларининг ҳудудларда филиаллари очилди. Кадрлар малакаси оширилиб, шифохоналар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланмоқда. Бу изланиш ва интилишлар пировардида ўта мураккаб ва қийин амалиётларни Наманганда олиб бориш имконияти яратилди. Буйрак кўчириб ўтказиш ва бошқа нозик жарроҳлик амалиётлари вилоятимиз шифохоналарида муваффақиятли бажарилаётганидан кўпчилик бохабар.
Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг вилоятимиздаги филиалларида 7400 тадан ортиқ амалиёт ўтказилган бўлса, шулардан 1987 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётидир. Яъни, лапароскопик, тракоскопик ва эндоваскуляр усулларда беморларни соғломлаштиришга эришилди.
Кардиология соҳасидаги ютуқлар алоҳида эътиборга молик. Қисқа фурсат ичида жарроҳлик амалиётлари тури 18 тадан 65 тага етказилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида салкам 2 мингта юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Умуман айтганда, вилоятдаги тиббиёт марказларида онкология йўналишида 1095 та, жарроҳлик соҳасида 1105 та, травматология бўйича 511 та, урология ва гинекологияда 331 – 338 тадан ортиқ, кўз микрохирургияси ва нейрожарроҳликка оид 131 – 135 тадан юқори технологик операциялар бажарилди. Бундан ташқари туманлардаги марказий шифохоналарда 440 нафар бемор юқори технологик амалиётлар туфайли соғлом ҳаётга қайтди. Ушбу жараён муттасил давом эттирилмоқда.
– Тиббиётнинг келажаги – рақамлаштириш ва телетиббиётни йўлга қўйишдан иборат. Бу соҳада бошланган ишлар ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий.
– Тўғри,кейинги йилларда жаҳон тиббиёти, хусусан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида мазкур йўналишлар тараққиётига алоҳида урғу берилмоқда. Наманганда ҳам бу борада муҳим қадамлар ташланмоқда. Жумладан, вилоятдаги 173 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари "Электрон поликлиника" тизимига уланди. Улар зарур ахборот-технология анжомлари билан таъминланди. Бошқармада вазирликнинг "Электрон ҳужжат алмашиш" тизими жорий этилди.
Вилоятдаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида телетиббиётни жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Яқинда вилоятимизда ўтган шошилинч тиббий хизматни тараққий эттириш масалаларига бағишланган республика илмий-амалий анжуманида хорижлик ҳамкорлар билан шу соҳани мукаммал ташкиллаш юзасидан фикрлашиб олдик. "TexnoMed" ахборот тизимига доир соғлиқни сақлаш дастури РШТЁИМ Наманган филиали 22 та бўлимида жорий этилди.
– Соҳанинг моддий-техник имкониятларини ривожлантирмасдан туриб тиббий хизмат сифатини ошириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам тегишли давлат дастурлари доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Янги шифо ўринлари яратиляпти. Энди бу борадаги ишларга тўхталиб ўтсангиз?
– Албатта, тизим равнақини қурилиш-таъмирлашларсиз тасаввур этиш қийин. Жорий йилда 10 та тиббиёт муассасаси таъмирдан чиқарилади. Инвестиция дастурига мувофиқ мазкур объектлар учун давлат бюджетидан салкам 70 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ҳозир 5 та муассаса биноси фойдаланишга топширилди.
"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига киритилган 10 та соғлиқни сақлаш объектида 10,7 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида 7 та муассаса ғолибликни қўлга киритган. 3,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 4 та муассаса тиббий жиҳозлар билан таъминланади ва яна 3 та тиббиёт маскани бинолари таъмирланади. Ўтган давр мобайнида тиббиёт муассасаларига қиймати 7,3 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар харид қилинди.
Алоҳида қайд этиш жоизки, туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли шифохоналар салоҳияти такомиллаштирилмоқда. Жумладан, Мингбулоқ ва Поп туманларида молекуляр-генетик лабораториялар очилди. Янгиқўрғон, Уйчи ва Чуст туманлари туғруқ мажмуалари негизида эса туманлараро перинатал марказлар ташкил этилди.
– Кадрлар – ҳал қилувчи куч. Тиббиётда ҳам шундай. Шифокору ҳамшираларнинг лаёқати ва малакасини юксалтирмасдан кўзланган мақсадга етиш қийин. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Жуда ўринли савол. Агар давр билан ҳамнафас, билимдон ва тажрибали ходимларга эга бўлмасак, соҳанинг моддий-техник имкониятларини қанчалик ривожлантирмайлик, барибир натижага эришилмайди. Шунинг учун ҳам малака ошириш масаласига долзарб вазифа сифатида қаралмоқда. Жорий йилда 765 нафар шифокор вилоятда ташкил этилган сайёр циклларда, 310 нафар врач республика марказлари ва олийгоҳларда билимларини мустаҳкамлади. 10 нафар тиббиёт ходими хорижда малакасини ошириб қайтди.
Президентимиз ўтган ойдаги видеоселектор йиғилишида ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича аниқ топшириқлар бердилар. Энди ўрта тиббиёт ходимлари билим ва маҳоратини ошириш, улар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш чоралари кўрилмоқда.
– Абдулҳоди Муҳиддинович, аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатилиши учун иш услубларини ҳам ўзгартириб бориш, янгича ёндашувларни қўллаш масаласи қандай ҳал этилмоқда?
– Бу борада астойдил изланяпмиз. "Қандай иш юритсак, одамларни тиббиётдан рози қиламиз?" деган савол билан тиббий хизматни янада яхшилаш чораларини ахтаряпмиз. Йил бошидан "маҳаллабай" ишлаш усулига ўтилди. Кейинчалик, вилоят ихтисослашган тиббиёт марказлари мутахассисларини шаҳар ва туманларга сафарбар этган ҳолда ҳафтанинг ҳар шанбасида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар олиб борилди. Энди бу жараёнга олис ҳудудлардаги "Саломатлик кунлари" тадбирлари қўшилди. Буларнинг барчаси "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиори остидаги хайрли ишлар сирасига киради.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиздаги барча шифокорларни, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимларини яқинлашиб келаётган касб байрами билан самимий табриклайман. Уларнинг эл бахту саодати йўлидаги эзгу ишларида омадлар ҳамиша ёр бўлсин! Соҳада кечаётган изчил ислоҳотларнинг беқиёс самараларини кўриш ҳаммамизга насиб қилсин.
Абдулла ҒОЗИЕВ ёзиб олди.