Шу йилнинг 26 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бежиз қабул қилинмади. Чунки аҳолига кўрсатилаётган эндокринологик ёрдамнинг самарали ҳамда замонавий тизимини шакллантириш, касалликлар ва уларнинг асоратлари профилактикасини такомиллаштириш, юқори малакали эндокринологик ёрдамни кўрсатиш сифатини ва ушбу йўналишдаги тиббиёт ходимлари салоҳиятини ошириш долзарб вазифа бўлиб турганди.
Бу масалага Президентимиз 2021 йилнинг 10 декабридаги видеоселектор йиғилишида алоҳида урғу берганларини ҳам яхши биламиз. Кейинги йилларда эндокрин касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштиришга тааллуқли муаммолар ўз ечимини кутаётганиям сир эмасди. Ниҳоят мазкур қарор эзгу мақсадлар сари қилинаётган саъй-ҳаракатларимизнинг муҳим дастурини белгилаб берди.
Қисқа фурсатда соҳамизда катта ўзгаришларга имконият яратилди. Фаолиятимиз ойдан-ойга фаоллашиб бориши учун жамоамизнинг бор билими ва малакасини тўла сафар этишга интилиб, муайян натижаларга эришмоқдамиз. Боиси, 160 ўринли шифохонамизнинг 26 нафар врачи ҳамда 91 нафар ҳамшираси ўз зиммаларидаги вазифалар масъулиятини чуқур ҳис этишади. Айни маҳалда вилоятимизда 30 минг нафар киши диспансер назоратига олинган. Шундан 23 минг киши қандли диабетга чалинган. Йил давомида 5148 нафар бемор даволаниб кетди. Аслида ҳаммалари бирдай беморларга жон куйдириб, фаол хизмат кўрсатишадию, айниқса, қутлуғ кунда Баҳодир Давлатов, Феруза Атавалиева, Фаррух Холматов, Шерзод Эргашев, Наргиза Тожимирзаева, Абдулла Абдулҳаев, Элёр Исроилжонов ва Акмал Мамажонов каби шифокорларимизнинг энг илғорларимиз сифатида эътироф этсак арзийди.
Бизнинг диспансеримиз академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази филиали саналади. Шунинг учун марказ пойтахтда қандай шароит ва имкониятлар бўлса, Наманганда ҳам ундан қолишмайдиган ҳолатни таъминлашга доимий эътибор қаратиб келади. 15 – 18 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Россиянинг А.В.Вишневский номидаги Миллий жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда II-халқаро конференция ташкилланмоқда. Анжуман "Гастроэнтерологик ва бариатрик ҳафталиги" дея номланган. Дастлабки куни илмий маърузалар ўқилса, кейинги кунлари илғор технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказиш кўзда тутилган. Таниқли олим-шифокорлар "Маҳорат дарслари" ўтказишади. Албатта, кўргазмали амалиётлар орқали. Бу билан бизнинг мутахассисларимиз зарур тажрибаларни ўзлаштириб олишларига қулай имкониятлар яратилади.
Ҳозир 50 нафардан зиёд бемор жарроҳлик амалиётларига тайёрлаб турилибди. Қандли диабетнинг 2-тури, семизлик, жигардаги ҳар хил ўсмалар, қорин деворидаги вентрал чурралар жарроҳлик йўли билан бартараф этилади.
Тиббиёт фанлари доктори, устоз Муҳаммаджон Ваққосов анжуман олди тараддудини пухта ташкилламоқда, десак ҳеч муболаға эмас.
Ишонамизки, халқаро конференция доирасидаги амалиётлар беморларимизга нажот бағишласа, врачларимизга малака-маҳоратларини ошириш борасида ўзига хос мактаб ролини ўйнайди.
Баҳриддин СИДДИҚОВ,
вилоят эндокринология
диспансери бош врачи.