Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унга республика ва вилоят матбуот нашрлари, телевидение ходимлари, турли соҳалар ахборот хизматларининг вакиллари, блогерлар таклиф қилинди.
Матбуот анжуманида бошқарма мутасаддилари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари ҳамда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари ҳам иштирок этди.
Тадбирда "Жорий йилда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари ва истиқболдаги вазифалар ҳақида" фикр юритилди. ВССБ бошлиғи Абдулҳоди Иминов бу ҳақда маълумот берди. У вилоятда соҳа фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, юртдошларимиз саломатлигини муҳофазалаш самарадорлигини ошириш, тиббий хизмат сифати ва малакасини юксалтириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида батафсил гапириб берди. Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан "очиқ мулоқоти"да белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш чоралари кўрилаётганлиги айтилди.
"Правда Востока" газетаси мухбири Феруза Отахонова, "Дарё" интернет нашрининг мухбири Азизбек Абдувалиев, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги мухбири Оқилхон Дадабоев, "Ишонч" газетаси мухбири Орзугул Рустамова, Мингбулоқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Кенжаев, "Орзу ва ҳаёт" ижтимоий лойиҳаси раҳбари Илҳомжон Қосимов ва бошқалар соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим муаммолар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини ўртага ташладилар.
Соҳа мутасаддилари уларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот беришди. Шу билан бирга оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш тарғиботига оид кўрсатув, эшиттириш ва мақолаларга кенг ўрин бериш муҳимлиги хусусида келишиб олинди.
Матбуот анжуманида вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Фарҳоджон Мамадалиев иштирок этди.