Икки йилдирки, 11 ноябрда мамлакатимизда "Ўзбекистон касаба уюшмалари куни"ни нишонлаш одат тусига кирди. Мазкур сана олдидан вилоятимизда ҳам турли тадбирлар ташкил этилди. Ўзбекис­тон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши мажлислар залида кечган "Очиқ мулоқот" тарзидаги анжуман ҳам фикримиз далилидир. Унга вилоятимиздаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва тармоқ касаба уюшмалари ташкилотчилари таклиф этилди.

Тадбирни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Аббосхон Мамадалиев олиб борди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев касаба уюшмаларининг жамиятда тутган ўрни ва тармоқ ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги вазифалари ҳақида маъруза қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида "Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар..." деб белгилаб қўйилган. Нотиқ мулоқот давомида юқоридаги функциялар ижроси амалиётга қандай татбиқ этилаётганлигини батафсил изоҳлаб берди. Шунингдек, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг муҳим жиҳатлари хусусида тўхталди.

Соғлиқни сақлаш ходимларининг "Тармоқ келишуви", "Жамоа шарт­номаси" ва бошқа ҳужжатларда қайд этилиши лозим бўлган ҳуқуқий манфаатларини батафсил тушунтирилди. Уларда кўзда тутиладиган имтиёзлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди. Шу билан бирга иш берувчилар билан тиббиёт ходимлари ўртасида юзага келаётган низоларни бартараф этиш борасида кўрилган чоралар рақамлар воситасида шарҳланди.

"Очиқ мулоқот"да кўпчиликни қизиқтираётган масалалар бўйича саволлар ўртага ташланди. Косонсой тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Саломатхон Саркорова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Гулчеҳра Эгамбер­диева ва бошқалар томонидан кўтарилган муаммолар долзарб аҳамиятга эгадир.

Тадбир ниҳоясида иш берувчилар ва касаба уюшма фаолларидан бир гуруҳи байрам олдидан рағбатлантирилди. Уларга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.