ёхуд саксон бир ёшда ҳам врачлар сафида ҳормай-толмай

ишлаётган Ҳошимжон Алихоновнинг ибратли ҳаёт йўлига назар

"Улуғ устозлардан бири "Агар сенинг қабулингга кирган киши ўзини енгиллагандек ҳис этиб чиқиб кетмаса, билгинки сен ҳақиқий врач эмассан" деганлари бежизмас. Буни эгнига оқ халат кийган ҳар бир шифокор яхши билиши керак. Энг аввало, сўздек ўткир қуролини ишга солмоғи шарт. Ахир биргина ножоиз айтилган сўз одамни йиқитиши ёки ўз ўрнида ва ўз вақтида тилимиздан чиққан таъсирчан калом гўёки жар ёқасида турган беморни ҳушёр торттириши, ҳаётга қайтариши мумкинлиги беинкор ҳақиқатдир". Ҳамсуҳбатим Ҳошимжон отанинг бу гапларидан у кишининг қандай инсонлигини, касбига меҳру садоқати чексизлигини чуқур англаб етдим. Наманган шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг ўсмирлар врачи ана шундай фалсафани яшаш ва ишлаш шиори деб билгани учун асло кам бўлмади. Аксинча элу юртда обрў-эътибори баланд, мартабаси улуғ тиббиёт ходими мақомига кўтарилди. Пенсия ёшига етгандан кейин ҳам йигирма беш йил беморларни даволади. Бу чорак аср дегани. Лекин ҳамон тетик, ишга иштиёқи, руҳи баланд, беморларни даволашга билими ва куч-қуввати етарли. "Чарчадим" деган сўз у кишига ҳали ҳануз бегона.

Ҳошимжон ёруғ олам юзини кўрганида Иккинчи жаҳон уруши бошланган оғир палла эди. Шунга қарамай, отаси Алихон Ҳомидбоев билан онаси Мастонхон Абдураҳмоновалар кенжа фарзандининг камоли учун астойдил қайғуришди. У оила улуғлари орзусидаги ўғил бўлиб етишди. 1966 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтидаги етти йиллик сабоғини якунлаб, санитария врачи дипломи билан Наманганга қайтди. Кечаги талаба бугун устоз-педагог мақомида тиббиёт билим юртида дастлабки етти йил ўқитувчи, яна шунча вақт амалиёт бўлими мудири, сўнг директорнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари бўлиб фаолият юритди. Бироқ ...

Ҳа, бироқ у талабаларга назарий билим бериш, педагогик жамоа фаолиятига раҳнамолик қилиш билан кифояланиб қолмади. Айни пайт­да шаҳардаги худди шу 1-поликлиникада ўсмирлар врачи (0,25 штат бирлигида) вазифасини сид­қидилдан бажариб борди. Билимини амалиёт билан уйғунлаштириб, ўзига хос тажриба ва малака ҳосил қилишни ҳам уддалади. Ниҳоят 1987 йили фаолиятини бутунлай даволаш ишларига йўналтиришга ўтди. Чунки, педагогликдан кўра ҳам шифокорликни ўзи учун биринчи даражали вазифа эканини қатъий тушуниб етган эди. У иккисидан бирини танлаб янглишмаган экан. Энди тўла ставкада ўн йиллик врачлик фаолияти давомида Ҳошимжон Алихонов ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги туфайли шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари назарига тушди. 1997 йили поликлиника бош врачи ўринбосарлигига тайинланди. Пенсияга чиққунича кўпсонли врачу ҳамширалардан иборат аҳил жамоани эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирди. Йилдан-йилга ютуқларни мустаҳкамлаш ҳаракатининг пеш­қадами сифатида бош врачга елкадошу кўмакдошликни ҳалол ва фаол уддалади.

Энг муҳими, пенсияга чиққач, раҳбарликка маҳкам ёпишиб олмади, аксинча бу масъулиятли лавозимга энг ишончли ва энг муносиб ёш шогирдини тавсия этишга ўзида журъат топди. 2000 йилдан яна ўсмирлар врачи вазифасини зиммасига олди.

Ҳошимжон отанинг ғайрату шижоати алоҳида эътиборга лойиқ. Масалан, 1995 – 2001 йиллари "Ҳамшира" танловларининг вилоят бос­қичи раҳбар ташкилотчилиги жа­моат иши бўлишига қарамай, ҳар йили астойдил бажарди, десак ҳақиқатни эътироф этган бўламиз. Ҳакамлар ҳайъати раиси сифатида танлов қатнашчилари билими ва лаёқатини баҳолаш ҳар жиҳатдан адолатли йўсинда амалга оширилгани шундан далолат беради. Вилоят ғолибини аниқлашдан ке­йин эса, уни Республика босқичига тайёрлашга ҳам эътибор муттасил кучайтирилган. Тошкент, Қарши, Қўқон, Жиззах ва Китоб шаҳарларида ўтказилган танловларда наманганлик вакилларимиз ҳар йили яхши ўринларни эгаллашиб, сов­риндор бўлиб қайтишгани фикримизнинг яққол далилидир.

"Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла" йили баҳорида Ҳошимжон Алихоновга "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони берилгани отахонни ғоят руҳлантирди. Кўнглидаги истиқлолга шукроналик туйғуларини янада жўш урдириб юборди. Айниқса, шогирдларидан бири, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов "Хотира ва қадрлаш" куни арафасида йўқлаб, хонадонига ташриф буюргани, дил сўзларини айтиб, вазир номидан кўкрак нишонини кўксига тақиб, тақдим қилгани унутилмас ҳодиса сифатида бир умр хотирасига муҳрланиб қолди.