Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасига борганимизда кадрлар бўлими бошлиғи Дилноза Исроилова Қўғаликўл оилавий шифокорлик пункти катта ҳамшираси ҳақида бизга қу­йидагиларни мамнуният билан маълум қилди: "Тўхтапошша опа ўз ишининг чинакам жонкуяри. Сира-сира тиним билмайдиган аёл. Ҳужжатларни юритиш бобида ҳам жуда уқувли. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ОШПга кирганларида опанинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қилиб, катта ҳамширанинг иш тажрибаси бошқаларга намуна бўлишга арзишини айтгандилар. Ке­йин мукофотга ҳам тавсия этилдилар. Бу, юртимизда инсон қадри улуғлигининг яна бир бор ёрқин мисолидир, албатта.

Дарҳақиқат, Тўхтапошша Нурматовна умрининг эллик еттинчи баҳорида, меҳнат фаолиятининг ўттиз еттинчи йилида вазирликнинг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги байрами арафасида тақдим қилинганлиги эса катта ҳамшира учун чинакам қўшалоқ қувончга айланди.

– Хизматларинг қадрланса, гўё бошинг кўкка етаркан, – дейди Тўхтапошша Абдухолиқова. – Шу йил 31 август куни хонадонимга ТТБ бош врачи, кадрлар бўлими раҳбари ва касаба уюшма раиси биргаликда келишиб табриклашганида беихтиёр кўзларимда севинч ёшлари қалқиди. Гулдастани тиббиётчи ҳамкасбларимнинг меҳру муҳаббати рамзи сифатида қабул қилдим. Шу касбни танланганимдан беҳад фахр тўйдим. Ахир неча йиллардан буён ҳамкасбларим, айниқса ОШП мудири Гулнора Усмонова билан эл саломатлиги йўлида баҳамжиҳат фаолият юрит­япмиз. Халқ олқишига муносиб бўлишга астойдил интиляпмиз.

Бир қарашда катта ҳамширалик касбдошларига раҳбарлик қилишдек оддий вазифа саналса-да, аслида зиммасидаги юмушлар бир талайу, ғоят масъулиятли.Уни талаблар даражасида адо этиш учун пухта билим, мукаммал тажриба, етарли ташкилотчилик ва ташаббускорлик керак бўлади. Булар Тўхтапошша Нурматовнада тўла мужассам. Чунки, у кўп йиллик фао­лиятга эга. Наманган тиббиёт билим юртини 1985 йили тамомлаб, туман марказий шифохонаси ички касалликлар бўлимида иш бошлаган бўлса, кейинчалик Гигант қишлоқ врачлик амбулаториясида, Қўғаликўл қишлоқ врачлик пунктида лаборант­лик вазифасини бажарди. 2009 йилдан шу ОШПда катта ҳамшира.

Мазкур бирламчи бўғинда 2 нафар врачу 26 нафар ҳамшира хизмат кўрсатади. Қўғаликўл, Гулистон, Яккатом ва Бешсерка маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 10 минг 758 нафар аҳоли саломатлигини сақлаш улар зиммасида. Врачлар Гулнора Усмонова ҳамда Турсунали Абдуллаев билан ёнма-ён турган Тўхтапошша Абдухолиқова атрофидаги ҳамшираларни ҳамиша ўз вазифаларини сидқидилдан уддалашга сафар қилиш билангина қаноатланиб қолмайди. Уларга тегишли йўл-йўриқ, тавсия ва керакли маслаҳатлар беришдан чарчамайди. Ҳар бир топшириғи қандай бажарилаётганини изчил назоратга олади. Ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини қатъий талаб қилади. Бугун оила ҳамширалари Сайёра Ҳабибжонова, Сурайё Ҳакимова, эмлаш ҳамшираси Санобар Ўринова, доя Наргиза Парпиева каби ҳамкасбларининг фаолиятидан мамнунлик туяди. Бошқаларга ҳам шулардек виждонан ишлаш кераклигини ҳамиша уқтиради.

Дарвоқе, Тўхтапошша Абдухолиқова туман тиббиёт бирлашмасининг ишончли тренери саналади. 2016 йили шахслараро мулоқот кўникмалари, 2017 йили юқумсиз касалликлар, 2021 йили универсал прогрессив модел бўйича ўқиб келиб, тумандаги ҳамширалар билан зарур машғулотлар ўтказиб бормоқда.

Шунингдек, ТТБ касаба уюшма қўмитаси раиси Фарҳоджон Аҳмедовнинг айтишича, у бирлашмада ўтказиладиган барча оммавий тадбирларнинг фаол иштирокчиси. Ташкилотчи ва фидойи инсон.

Беихтиёр савол туғилади: Илғор ҳамшира оиласида она сифатида қандай мартабага эга экан? Турмуш ўртоғи, фермер хўжалиги ишчиси Олимжон ака билан тўрт қизни вояга етказишган. Икки қизи – Гўзалхон билан Шаҳноза она изидан бориб, ҳамшираликка ўқишди ва бирга-бирга ишлашяпти. Ёқутхон мактаб ўқитувчиси. Кенжа қизлари Жумагул Наманган давлат университети талабаси. Демак, катта ҳамшира намунали оила бекаси ҳамдир.

Биз ўз соҳаси аълочисига бундан буён ҳам эл саломатлигини сақлашда барчага ўрнак кўрсатиб юришдек фазилати барқарору бардавом бўлишини тилаб қоламиз.

Содиқ САЙҲУН.