Ўтган ҳафтанинг шанбасида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалининг бир гуруҳ ходимлари Тўрақўрғон тиббиёт бирлашмасига ташриф буюришди. Аввало, бирлашманинг кўп тармоқли марказий поликлиникасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январдаги "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-103 сонли қароридаги вазифалар қандай бажарилаётгани билан танишишди.
Танишиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди: поликлиниканинг кардиолог хонасида диспансер назорати реестрида 5292 нафар беморнинг рўйхати шакллантирилган. Амбулатор карталар ўрганилганида стандарт асосида ташхис қўйилгани, клиник протоколларга мувофиқ даво муолажалари белгилангани яққол кўринса-да, "Д" назоратдагиларнинг карталарида лаборатор ва инструмент текширувлари тўлиқ ўтказилмаган. Врач функционист хонасида эса ВЭМ текширувларини амалга оширишга туманлар орасида фақат Тўрақўрғонда эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, 40 ёшдан юқори аҳолини скринингдан ўтказиш тармоқ режаси ишлаб чиқилган, ҳисоботлар тақдим этилган. Меҳмонлар, албатта, уларнинг ҳақиқий ҳолати билан ҳам қизиқишди.
Вилоят мутахассислари туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг терапия бўлимига ҳам киришди. Бу ерда 30 ўринли кардиология пости ташкил қилинган, 2 нафар врач ҳозирги юксак талабларга биноан фаол фаолият юритишаётгани эътироф этилди.
Марказ филиали бош шифокори, тиббиёт фанлар номзоди Солижон Мўминов КТМПдаги "Саломатлик мактаби" фаолиятини янада яхшилашга тааллуқли тавсиялар берди. Фуқаролар билан соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича тушунтирувлар ҳам ўтказди. Марказ бош ҳамшираси Гулчеҳра Эгамбердиева эса ҳамширалар билан маҳорат сабоқлари олиб борди.
Албатта, ташриф ғоят фойдали кечди. Юрак хасталигига чалинганларни аниқлаш ишларини янада яхшилашга доир врачларнинг ўзаро мулоқотлари ва маслаҳатлашуви келгусида қувончли самаралар бериши, энг муҳими, соҳага тааллуқли қарорнинг изчил ижросига эришиш таъминланиши шубҳасиз.
Ўз мухбиримиз.