Яқинда "Шаҳанд" сиҳатгоҳида дам олдим. Гурунглашиб ўтирган бир гуруҳ хордиқ чиқарувчилардан улуғ ёшли отахон Сурхондарёдан Наманганга велосипедда келганлиги ҳақида эшитиб қолдим. Ҳамма ҳайратда эди. Менда ҳам нуронийнинг йироқ манзилдан нима учун айнан шу транспорт воситасида келганлигини билишга қизиқиш ортди. Чустлик Абдурашид ака тез орада қария­ни топиб берди. Саёҳатчи бобо билан мулоқотимиз узоқ давом этди. Ажабланарлиси, кекса велосипедчининг вилоятимизга сафари унинг ҳозиргача забт этган марралари ичида энг яқини экан.

Маълум бўлишича, Эгаммурод бобо Чориев 1938 йилда Сурхондарё вилояти Ангор тумани Кайран маҳалласида таваллуд топган. Келаси йили 85-баҳорни қаршилайдиган инсон умр бўйи жамоа хўжалигида меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи Жор­қин она билан беш ўғилу беш қизни вояга етказишибди. Қизиғи шундаки, пенсияга чиққунича туман ҳудудидан нарига ўтмаган одам қарийб чорак асрдан буён юрт кезади. Нафақат Ўзбекистон бўйлаб айланган, Қозоғистон ва Россия шаҳарларини ҳам бориб кўрган. Саёҳат унинг энг севимли машғулотидир. Нимада денг, албатта, велосипедда-да!.

Айтишича, мактабнинг юқори синфида ўқиётган пайтидан бери унинг учун энг ишончли улов – велосипед бўлган. Мана шу транспорт воситаси туфайли кексайган чоғида катта довруғ қозонди. Эл ичида "Саёҳатчи бобо" номини олди. Дастлаб вилоят бўйлаб йўлга чиққанида бу қадар олис масофаларни икки ғилдиракли уловда босиб ўтишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Сафарлар завқи кучига куч қўшди. Кейинчалик Қашқадарёга, сўнгра Бухорога йўл солди. Борган сари қизиқиши ортиб, узоқ маконларни ҳам кўзлаб қолади. 2009 йилда қўшни давлатнинг Сайрамигача бўлган йўлни бир неча кунда босиб ўтди.

"Чўққига чиққан қояни кўзлайди", деганларидек қариянинг ёши улғайиб борётган бўлса-да кўнгли асло таскин топмас эди. Отахонда янги режалар туғулди. Кучи ва иродасини Олмаота шаҳригача бўлган масофада ҳам синаб кўришга аҳд қилди. 14 кунда ўзбек бобоси бошқарган велосипед қозоқ шаҳрида пайдо бўлди.

Мулоқотда англадимки, бу ҳали ҳаммаси эмас экан. 2019 йилда велосипед рулини Россия томон бурибди. Қорақалпоғистон ва Қозоғистон чўлларидаги қийинчиликларни енгиб, рус ўрмонларидан ботирларча ўтиб, 41 кун деганда Москва шаҳрига кириб борибди. Бу қандай шижоат, қандай матонат! дея ҳайратга тушмай иложингиз йўқ.

Эгаммурод отадан нима учун айнан велосипедга "ишқи" тушганлигини сўрадим.

– Велосипед инсон саломатлигини мустаҳкамловчи энг маъқул ва энг қулай восита, – дейди қария. – Уни бошқарганда бутун тана аъзолари ҳаракатга келади. Мушаклар тетикланади. Қон айланиши яхшиланади. Қанча узоқ ҳайдасангиз, ғайратингизга ғайрат қўшилиб бораверади.

– Ёшларга қандай маслаҳат берган бўлар эдингиз?

– Аввало, юртни севишни, Ватанни ардоқлашни, қолаверса соғлом ҳаёт кечиришни. Соғлом турмуш тарзининг энг муҳим шартларидан бири сифатида велосипедга "ошно"ликни тавсия этган бўлардим. Менинг узоқ умр кўришимда, қариликни писанд этмай, бардам юришимда велосипеднинг ўрни жуда каттадир.

Саёҳатчи бобода ўрганишга лойиқ ибратомуз жиҳатлар кўплигига амин бўлдим. У оддийгина қишлоқ одами. Аслида улкан кашфиёт ҳам яратаётгани йўқ. Аммо эзгу мақсадларига бирин-кетин эришмоқда. Яхши ният сари дадил интилиш юз ёш сари илдамлаётган нуроний турмушига ўзгача завқ-шавқ, ўзгача маъно-мазмун бағишлаяпти. Соғлом ҳаёт унга боқий умр ато этмоқда. Ҳавас қилса, ўрнак олса арзийди, албатта.

Абдулла ҒОЗИЕВ.