Наманганда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан "Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари: шошилинч тиббий ёрдамдаги инновациялар" мавзусида ХVII Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманнинг дастлабки кунида Россия, Германия, Корея, АҚШ каби давлатларнинг етакчи тиббиёт олимлари тавсиялари асосида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида мазкур муассасанинг хирургия ва травматология бўлимларининг малакали шифокорлари томонидан юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ҳамда маҳорат дарслари ўтказилди.
Даставвал, Россия Федерациясининг бош комбустиолиги (куйганлар жарроҳлиги), тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Алексеев, Корея Республикасининг "KOFIN" халқаро фонди профессори, тиббиёт фанлари доктори Ким Хи Юн, АҚШнинг Филадельфия штати шошилинч тиббий госпитали профессори Карима Сажжади маҳаллий тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида куйиш касалликларини замонавий усулларда даволаш; юрак-ўпка реанимацияси; "e Fast" протоколи, яъни шошилинч ҳолатларда ультратовушли текширувнинг аҳамияти мавзуида маҳорат дарслари ўтишди.
Шундан сўнг, чет эллик тиббиёт олимлари тавсиялари асосида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида мазкур муассасанинг хирургия ва травматология бўлимларининг малакали шифокорлари томонидан операцияларга киришилди.
Масалан, Чортоқ туманида яшовчи 49 ёшли бемор аёл Р. А. тўрт ойдан бери қорин бўшлиғи билан кўкрак қафасини ажратиб турувчи мускул пардасида ҳосил бўлган тешикдан азият чекиб келарди. Унинг қизилўнгач тешиги гигант чурраси лапароскопик усулда олиб борилган амалиёт натижасида бартараф этилди.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида истиқомат қилувчи 49 ёшли А. Э. беш кун аввал юз берган йўлтранспорт ҳодисаси туфайли чаноқ ёпиқ шикасти, қов бирикмаси травматик узилишига учраган. Беморда чаноқ суякларини стержен аппарати билан симфиз бирикмасини тиклаш амалиёти водий вилоятлари орасида яхши самарадорлиги учун РШТЁИМ Наманган филиалида ўтказишга қарор қилинди.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, нисбатан қисқа муддатда вилоятимизда шошилинч тиббий ёрдам хизмати тизимида ҳам кенг қамровли амалий ишлар қилиниб, юқори натижаларга эришилди. Бугунги кунда юртимизда шошилинч тиббий ёрдам хизмати жадал ривожланаётган, аниқ бошқарув вертикалига эга тизим эканлиги Наманган тажрибаси мисолида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Конференциянинг иккинчи кунги назарий қисмида юртимизда бундан 21 йил аввал асос солинган шошилинч тиббий ёрдам хизматининг ўтган даврдаги фаолияти ва уларнинг натижалари атрофлича таҳлил қилинди.
Дарҳақиқат, шошилинч тиббий ёрдам хизмати мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги алоҳида ва йирик ташкилий тузилма ҳисобланади. Бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги 13 та филиали ҳамда 181 та субфилиалида аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул, сифатли, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Биргина, РШТЁИМнинг 53 та клиник бўлим ҳамда таркибий бўлинмаларида ўнлаб турли юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажариляпти. Мазкур анжуманда тизимда янги технологиялар жалб этилиши натижасида жарроҳлик ва кардиология, педиатрия, токсикология, оғир шароитларда барча турдаги жароҳатларни даволаш ва диагностикаси жараёнларида самара бераётгани қайд этилди.
Тадбир давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшганлиги, ўзаро тажриба алмашинуви, соҳа ходимларининг малакасини ошириш борасидаги хизматларини инобатга олиб, Москва шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, профессор Михаил Замятин, "GIZ" лойиҳаси директори Карнелия Беккер, шунингдек, юртимизда соғлиқни сақлаш соҳаси, хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали биносини капитал реконструкция қилиш ва сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускунлар билан жиҳозлашда жонбозлик кўрсатгани учун вилоятимиз ҳокими Шавкат Абдураззоқовга Республика шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фахрий профессори унвони берилди.
Анжуманда Фарғона водийсида биринчилардан бўлиб, телемедицина ривожи йўлида дастлабки қадамларни қўйган Наманган тиббиёт соҳаси учун Германия ҳукуматининг "GIZ" лойиҳаси томонидан шошилинч тиббиёт ёрдамда кенг фойдаланиш мақсадида замонавий тиббий робот аппарат туҳфа қилинди.
- Мен Ўзбекистонда, гуллар диёри - Наманганда тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро анжуманда қатнашаётганимдан хурсандман, - дейди Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош комбустиологи, Комбустиология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Алексеев. - Ўзим 30 йилдан бери комбустиология (куйганлар жарроҳлиги) соҳасида фаолият юритиб келмоқдаман.
Ушбу илмий семинарнинг аҳамияти шундаки, биз беморларга сифатли ҳамда юқори технологияли шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттиришимиз, икки давлат шифокорларининг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашимиз зарур. Қолаверса, бундай форматдаги тадбирларда олдимизда турган муҳим масалаларни ҳал этиш ечимлари топилади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ
олган суратлар.