Наманганда бўлиб ўтган "Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари: шошилинч тиббий ёрдамдаги инновациялар" мавзусида ХVII Республика илмий-амалий конференцияси доирасида тиббиёт тизимида илмий изланишлар олиб бораётган мутахассислар ўртасида "Ёш олимлар" танлови ҳам ўтказилди.
"Анамед" тиббиёт марказида кечган танловда ёш олимлар томонидан "Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилоятида 3-даражали тизим ишини имитацион модели мисолида ташкил этишни режалаштириш", "Кўтарилувчи аорта аневризмаларини жарроҳлик йўли билан даволаш натижалари", "Марказий канюляция билан антеролатерал торакотомия орқали атриал тўсиқ нуқсонини бартараф этиш: биринчи тажрибамиз", "Уйқу артерияси стенозида стентлаш ва каротид эндартерэктомия натижаларини қиёсий баҳолаш", "Чап қоринча отилиш фракцияси паст бўлган беморларда периоператив даврда левосименданни қўллаш самарадорлигини баҳолаш" каби ва бошқа мавзуларда олиб борилган илмий изланишлар тақдимот тарзида намойиш этилди.
Тиббиёт соҳасида эътиборга молик ва ғоятда долзарб йўналишларда илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимлар танловида ғолиблик Фарғона, Наманган вилоятлари ва Россия давлатидан иштирок этган шифокорларга насиб этди. РШТЁИМ Фарғона филиали шифокори Ф. Маматалиев 1-ўринни, РШТЁИМ Наманган филиали врачи, ёш олим М. Собитханов 2-ўринни, В.А.Неговский номидаги умумий реанимотология институтининг (Россия) аспиранти А. Асанов 3-ўринни эгаллади.
Тантанали тақдирлаш маросимида Республика Шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси раиси, Евро-Осиё шошилинч тиббиёт ҳамжамияти ҳамраиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор А. М. Хаджибаев иштирок этди ва ғолибларга эсдалик совғаси ҳамда пул мукофотларини топширди.
Манзура ЭРГАШЕВА.