Истиқлол йилларида ёшларнинг касб танлашлари, ўзларининг эзгу мақсадларига эришишлари учун қулай шароиту кенг имкониятлар яратадиган ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, сўнгги беш йилликдаги ўзгаришлар бу борада янада дадил қадамлар ташланаётганидан далолат беради. Бизнинг ижод мактабимиз ўқувчилари ҳам ислоҳотлар шарофати туфайли олий таълим муассасаларига кириб ўқишда йилма-йил яхши кўрсаткичларга эришишяпти. Эътиборли жиҳати, улар фақат хорижий тиллар мутахассислари тайёрлайдиган, ижодкорлик билан боғлиқ журналист ва филолог кадрлар тарбиялайдиган олийгоҳларга бориш билангина кифояланиб қолишмаяпти. Балки иқтисодиёт, дипломатия ва тиббиёт соҳаларига қизиқувчилар сафи ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Бу ОТМлар билан мактабимиз ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилаётгани натижасидир, албатта.
Яхши биламизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 10 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 44-сонли баёнида белгиланган вазифалар олий таълим билан лицей, коллеж ва мактаблар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласига тааллуқлидир. Ўтган ҳафта ижод мактабимизга Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти педагогик жамоаси вакиллари ташриф буюришди.
"Ректор ва ёшлар учрашуви" дея номланган тадбирда, даставвал, институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Улуғбек Солиев сўзга чиқди. У айтдики, Фарғонадаги жамоат саломатлиги тиббиёт институти очилганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин шунга қарамай, ҳаёт учун зарур мутахассис кадрларни ўқитишда муайян муваффақиятларга эришилмоқда. Чунки институтда барча қулайликларга эга ўқув биноси, талабалар турар жойи мавжуд. Қандай мутахассислар тайёрланади? - деган саволга келсак, даволаш иши факультетида стоматология, педиатрия ва халқ табобати йўналишлари мавжуд. Тиббий профилактика факультетида санитария-эпидемиология ҳамда тўғри овқатланиш бўйича кадрлар ўқитилади. Институтда ҳатто халқаро факультет ҳам фаолият олиб боради. Россия давлатидаги олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ташкилланган мазкур факультетда айни пайтда Ҳиндистон ва Покистондан келган 87 нафар ёшлар билим олишяпти.
Институтнинг академик лицей ва техникумларга методик ёрдам кўрсатиш сектори бош мутахассиси Нигора Шокирова, тиббий профилактика факультети тютори Жавоҳирбек Жўраевлар учрашув иштирокчиларининг саволларига тегишли жавоблар қайтаришди. Уларнинг таъкидлашларича, институтда ҳеч бир машғулот қуруқ маърузадан иборат бўлиб қолмайди. Илғор педагогик технологиялар асосида компьютер ва бошқа техник жиҳозлардан унумли фойдаланилган ҳолда дарслар ўтилади. Бинонинг биринчи қаватида барча муляжлар, яъни ўқув қуроли сифатидаги жонли инсоннинг жонсиз ясама жуссаси-ю, тана аъзоларигача муҳайё экан.
Мактабимизда биология ва кимё фанларини ҳам аъло баҳоларга ўзлаштираётган, кўнглида тиббиётчи бўлиш истаги туғилаётган ўқувчилар учун бу учрашув айни муддао бўлди, деб ўйлаймиз. Ахир савол-жавоблар бежиз қизғин тус олмади. Бу ҳолат меҳмонларни беҳад хушнуд этди.
Биз институт ректори, тиббиёт фанлари доктори, академик Акмал Сиддиқовга йўлга қўйилаётган ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирамиз. Келгусида ўқувчиларимизнинг институтга саёҳатга олиб бориш режасини ҳам белгилаб олдик. Зеро, ҳамкорликда ҳикмат кўп.
Акмалжон МЎМИНОВ,
Исҳоқхон Ибрат номидаги
ижод мактаби директорининг
маънавий-маърифий ишлар
бўйича ўринбосари.