Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий амалий тиббиёт марказининг етакчи илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор А. Раҳматовнинг вилоятимизга ташрифи тери-таносил касалликларидан азият чекаётганлар учун айни муддао бўлди.

Пойтахтлик профессор томонидан "Псориаз касаллигининг асоратланган шаклларини даволашга замонавий ёндошиш" ва "Дерматозларда глюкокортикоид дори воситаларини қўллаш усуллари ва унинг назоратини олиб бориш асослари" мавзуларида семинар ва "маҳорат дарс"лари ўтказилди. Ушбу жараёнда ўнлаб беморлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларни соғ­ломлаштириш бўйича керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди.

- Семинар давомида назария ва амалиёт уйғунлашган ҳолда 50 нафардан зиёд беморларни дарддан фориғ қилиш чоралари кўрилди, - дейди РИДВ ва КИАТМ Наманган филиали бош шифокори Б. Қодиров. - Ўн нафар беморга шифохонада даволаниш тавсия қилинди. Икки беморга эса пойтахтда чуқурлаштирилган тиббий-диагностик текширувлардан ўтиш учун йўлланма берилди.

Дарҳақиқат, шаҳар ва туманлардан келган дерматовенеролог врачларнинг таниқли олим билан ёнма-ён фаолият кўрсатгаликлари мақсадга мувофиқдир. Профессор А. Раҳматовнинг қимматли маслаҳат ва тавсиялари энди маҳаллий шифокорларнинг келгуси фаолиятида асқотиши шубҳасиз.

М. ЭРГАШЕВА.