Чунки вилоят мутахассисларининг туманларга келиши анъанага айланиб қолди-да
Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов томонидан кўтарилган эзгу ташаббусни вилоят даволаш-профилактика муассасалари жамоалари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларининг Наманган филиаллари олим-шифокорлари қизғин қўллаб-қувватлашгани боис қарийб икки ойдан буён ҳафтасига бир марта аҳолига катта қулайлик туғдирилмоқда. Бундан халқ жуда-жуда мамнун.
Ўтган шанба куни вилоят «Она ва бола скрининги» маркази мутахассисларидан иборат ўн уч кишилик гуруҳ Наманган туманига ташриф буюрди. Улар даставвал Ғалча қишлоғидаги 12-оилавий поликлиника жамоасига қўшилишди. Бир кун аввал скрининг текширувларига эҳтиёжманд ҳомиладор аёлларга хушхабар етказилгани учун эрталабдан муассаса гавжумлашди. Генетик врач Шоира Давронова, лаборант Маъмура Мирзакаримова, УТТ врачи Гуллола Абдулҳамидовалар дастлаб ҳомиласи нуқсонли, муаммоли аёлларни қабул қилишди. Яна бир бор чуқур тиббий назоратдан ўтказишди. Генетик текширувда ҳомиласида ирсий ва ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган ёки шу касалликлар бўйича хавф гуруҳига кирувчилар кузатилди. Зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди. Даво муолажалари белгиланди.
Диққатга сазовор ҳолат шуки, бу ҳудуддаги Қўқонқишлоқ, Намуна, Саховат, Наврўз, Қўшчинор ва Равнақ каби олти маҳаллада 240 нафар ҳомиладорлар домий назоратга олинган. Улар сараланганида, бир аёл уч эгизак, яна бири икки эгизак чақалоқ кўриши маълум бўлиб, керакли барча текширув ва таҳлиллар олиб борилди. Бўлажак оналарга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Сабаби, уч эгизакнинг онаси 14 йилдан буён фарзанд кутиб яшаётган экан, бир йўла уч боласини соғлом бағрига босиши учун гинекологлар қимматли йўл-йўриқлар кўрсатишди.
- Биз ташрифимиз жараёнида ҳамкасбларимизга фақат кўмак бериш билангина кифояланмаяпмиз, айни вақтда маҳорат сабоқларини ҳам бериб боряпмиз, - дейди марказ бош шифокори Матлуба Жамилова. - Поликлиника УТТчиси Гулноза Ҳакимовани марказимизда тажриба ўрганишга ҳам таклиф этдик. Устоз-шогирдлик анъанасини йўлга қўйсак, ишларимиз янада яхшиланиб бораверади, албатта.
Марказ ходимлари маҳалларда юриб, олдиндан белгиланган уйларга навбатма-навбат киришиб, ҳомиладорлар ҳолидан бохабар бўлишга жиддий эътибор қаратишди. Ҳамширалар соғлом турмуш тарзи ҳақида мухтасар суҳбатлар ўтказишди.
Юқоридагидек тадбирлар 15-оилавий поликлиникада ва муассаса ҳудудидаги маҳаллаларда ҳам амалга оширилди.
- Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мазкур ташаббуси туманда ишловчи тиббиётчилар ҳамда яшовчи кўпминг сонли аҳоли учун айни муддао эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди, - дейди зўр мамнуният билан Наманган туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Қодиров. - Шу кунгача халқимиз вилоятдаги кўп тармоқли тиббиёт маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, перинатал маркази, репродуктив саломатлик маркази, тери-таносил касалликлари диспансери ва скрининг маркази шифокорлари хизматидан баҳраманд бўлди. Вилоят кардиология маркази жамоаси эса доимий ҳамкоримизга айланишган. Ташаббус аҳолига беҳад маъқул тушяпти. Улардан "Бу шанба қайси соҳа мутахассислари туманимизга келишади?" деган саволни ҳам тез-тез эшитяпмиз. Одамлар янгиликка ўрганишиб, шанбани орзиқиб кутишадиган бўлиб қолишди-да.
Тиббий ислоҳотларнинг изчиллиги ва кенг қамровли экани юртимизда инсон қадр-қиммати нақадар юксаклигидан далолатдир. Ахир йилимизнинг айнан "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб номлангани ҳам бежиз эмас. Эзгу ҳаракатлар бардавому барқарор бўлиши шак-шубҳасиз.
Содиқ САЙҲУН.