Вилоятимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун турли тарғибот тадбирлар ташкилланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелда қабул қилинган "Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-215-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган анжуманлар шулар жумласидандир.

Республика Аҳолининг соғ­лом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази томонидан уюштирилган "Соғ­лом турмуш тарзи асослари ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси" ҳамда "Семизликнинг олдини олиш" мавзусидаги семинарлар қатнашчиларда катта таассурот қолдирмоқда.

Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги Маданият саройида кечган анжуманга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмасида фаолият юритаётган тиббий бригада оила шифокорлари, координаторлар, бош ҳамширалар ҳамда аҳолининг соғ­лом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлимлари мутасаддилари таклиф этилди.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Н. Алиханова семинарнинг мақсади ҳақида тўхталиб, халқимизнинг соғлом ҳаётини таъминлашда аввало, соғлом турмуш тарзи тамойилларини оммага сингдириш, қолаверса жисмоний фаолликни оширишга алоҳида урғу бериш муҳимлигини таъкидлади. Айниқса, соғлом овқатланишнинг аҳамиятини аҳолига чуқурроқ етказиш зарурлиги айтилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида хизмат қилаётган саломатлик пос­бонлари соғлом турмуш кўникмалари тарғиботида жонбозлик кўрсатишлари фаолият самарадорлигини оширишда катта аҳамиятга эгадир.

Анжуман давомида кўзланган мақсадга эришиш омиллари атрофлича тушунтириб берилди. Савол-жавоблар чоғида ҳамкорликни кучайтириш ва аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга оид масалаларга ойдинлик киритилди.

Худди шундай анжуманлар Уйчи ва Чуст туманларида ҳам бўлиб ўтди.