юрт равнақига хизмат қилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишларига, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш вазифалари белгиланган.

Бугунги кунда Ўзбекис­тон аҳолисининг 17 миллиондан зиёдини хотин-қизлар ташкил қиляпти. Уларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун жойларда тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларини ишлаб чиқиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди. Бунинг учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган.

Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда "Ҳунарманд" уюшмаси, хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, шунингдек, бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда аёллар тадбиркорлигига хос бўлган 60 хилдан ортиқ намунавий "Бизнес режа" лойиҳалари ва тарқатма материаллар тайёрланиб, жойларга етказилди. Аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва тадбиркорликка йўналтириш бўйича алоҳида веб-саҳифа ҳамда "телеграмм бот" ишга туширилмоқда.

"Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг хоҳиш-истаклари, ҳар бир ҳудуднинг ички хусусиятларидан келиб чиқиб, уларни бизнесга йўналтириш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар билан тушунтиришлар берилди. Бу бўйича ташкил этилган ўқув-курсларига эса 2 минг нафардан зиёд аёллар жалб қилинди.

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби вилоят ҳудудий филиали томонидан бугунги кунга қадар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ҳамда "Аёллар дафтари"га киритилган 542 нафар, "Ёшлар дафтари"га киритилган 565 нафар хотин-қизлар қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилди. Уларга мунтазам равишда "Аҳоли (ёшлар ва хотин-қизлар)­ни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш", "Оилавий тадбиркорлик дастурлари орқали кредит олишни мўлжаллаган аҳоли қатламлари учун", "Хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш", "Тадбиркорларни бизнесни бошқариш ва ривожлантириш кўникмаларига ўқитиш", "Аҳоли ва тадбиркорларни бизнесга ўқитиш" номли курслар ташкил этилмоқда.

Қисқа муддатли ўқув курслари давомида назарий билимлардан ташқари амалий кўникмалар бериб келинмоқда. Жумладан ривожланган кичик бизнес ва тадбиркорлик объектларига саёҳатлар уюштирилади. Ушбу тадбирларни ўтказишдан мақсад бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш борасида муваффақиятли тажрибаларни тарғиб қилишдан иборат.

Лочинбек БЎРИЕВ,

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби

Наманган вилоят ҳудудий филиали

бош мутахассиси.