Республикамизда давлат тиббий суғуртаси тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ҳам мазкур тизимга ўтиш олдидан тайёргарлик ишлари қизғин.

ВССБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, бош­қарма ишчи гуруҳи раҳбари А.Нуралиев, молия, рақамлаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш бўйича ўринбосари А. Нарзиев, вилоят молия бош­қармаси соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа ижтимоий муассасаларни молиявий таъминлаш бўлими бошлиғи Я. Заи­дов, давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳудудий мутахассиси М. Жўрабоев ва бошқарма ишчи гуруҳи аъзолари иштирокидаги йиғилишда давлат тиббий суғурта тизимига ўтишда молия­лаштиришнинг янги механизмларини жорий қилиш, соғлиқни сақлаш бошқармаси муассасалари моддий-техника базасини, электрон тизимни ривожлантириш, тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар инвентаризацияси натижалари, етишмайдиган асбоб-ускуна ва жиҳозлар бўйича молиявий муаммолар ечимини ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат тиббий суғурта жамғармаси худудий мутахассиси М.Жўрабоев Сирдарё вилоятида амалга оширилган молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш қулайликлари, эндиликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳоли жон бошига молиялаштириш, стационар тиббий ёрдам муассасаларида глобал бюджет ва ҳар бир даволанган ҳолат учун молиялаштириш амалга оширилиши тўғрисида батафсил маълумотлар берди.

- Давлат тибий суғуртаси механизмалари асосида тиббиёт ташкилотларини молиялаштириш тартиби икки хил бўлади. Яъни "Аҳоли жон бошига" ва "Глобал бюджет" ва даволанган ҳолат учун. Биринчидан, "Аҳоли жон бошига" молиялаштиришда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига маълум вақт оралиғида ўзларига бириктирилган аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун олдиндан тўлов қилинади. Бунда бириктирилган аҳолининг ёши ва жинси инобатга олинади. Иккинчидан, "Глобал бюджет" эса муайян даврда аҳолига келишилган ҳажмларда тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида тиббиёт муассасаси умумий харажатларини қоплаш учун бериладиган истиқболли бюджетдир, - деди М.Жўрабоев.

Ишчи гуруҳ аъзоси, бошқарма соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш сектори бошлиғи Р. Эгамбердиев 173 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари "Электрон поликлиника" тизимига уланганлиги, жорий йилда ушбу муассасалар 398 та моноблок, 62 та монохром, 137 та ПосПринтер, 137 та МФУлар билан таъминланганлиги, бундан ташқари, намунали бўлган Давлатобод, Норин ва Тўрақўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларига 143 та моноблок тарқатилганлиги, бошқарма марказий аппаратида эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Электрон ҳужжат алмашиш" тизими жорий этилганлиги ҳақида фикр юритди.

Бошқарма рақамлаштириш сектори тиббий жиҳозлар бўйича бош мутахассиси Ф. Сайфуллаев эса жорий йилда тиббиёт муассасаларига қиймати 7,3 миллиард сўмга тенг бўлган 21 турдаги 44 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилинганлиги,"Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида 7 та муассаса 3,4 мил­лиард сўм ҳисобига тиббий жиҳозлар билан таъминланганлигини таъкидлади.

Бошқарма соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш ва қурилишни ташкиллаштириш бўлими бошлиғи А.Раҳмонов жорий йилда Инвестиция дастури доирасида 10 та тиббиёт муассасаси 69,3 миллиард сўм маблағ ҳисобига реконструкция қилиниши режалаштирилган бўлиб, 5 та муассаса фойдаланишга топширилганлиги, қолган 5 тасида эса қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилаётганлиги, шунингдек, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 10 та муассаса биноларини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 10,7 миллиард сўм маблағ ажратилганлиги, ҳозирга қадар 7 та объект ишга туширилганлиги, Наманган шаҳрида очилган 2 та оилавий поликлиника биноси қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 16,9 миллиард сўм маблағ сарф­ланганлиги бўйича ахборот берди.

Йиғилиш якунида давлат тиббий суғурта тизимига ўтишга тайёргарлик ишларини режа асосида давом эттириш, молиявий масалаларга тезкор ечим топиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.