Ўшанда ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Наманган тиббиёт билим юртини тамомлаган серғайрат ва хушмуомала фельдшер Янгиқўрғон туманида ишларди. Аҳоли орасида "Ҳошимжон дўхтир" номини олишга ҳам улгурганди.
- У пайтлар олий маълумотли врачлар кам эди, - дея хотирлайди у, - чақириқ бўлганда баъзан бир ўзим борардим. Қўлимдан келганича беморга ёрдам кўрсатардим. Ўзимга ўзим савол бериб, жавоб олдим, "Нега врачлар бажараётган ишни мен уддалай олмайман? Яна ўқийман, олий маълумотли шифокор бўламан" дея аҳд қилдим.
Ҳошимжонда ўз касбига қизиқиш, зийраклик, қобилиятлилик хислатларини сезган "Қизил қиёт" маҳалласида яшовчи марҳум Солижон Мамажонов, қишлоқ шифохонасида ишловчи Собиржон Садриддинов, шунингдек, ҳамкасб- устозлари Садриддин Мамаюсупов, Убайдулла Мамажоновлар оқ йўл тилашди. Уни " Сен келгусида эл назарига тушган шифокор бўласан" дея руҳлантиришди. 1972-1978 йилларда Андижон Давлат тиббиёт институтида ўқиб, олий маълумотли мутахассисга айланди.
- Интернатурани ўзим ишлаган - "Гўзал" вилоят шифохонасида ўтаб, яна шу қадрдон даргоҳимда қолдим, - дейди Ҳ. Тожибоев. - Ўша йиллари вилоят кўп тармоқли шифохонаси очилди. Бу маскан ҳар томонлама қулай, шароитлари соз тиббиёт марказига айланди. Мен ана шундай эзгу ишларга оз бўлса-да ҳисса қўшганимдан фахрланаман.
Ҳошимжоннинг феъл -атворидаги самимийлик, дилкашлик, хушмуомалалик, ташаббускорлик, энг муҳими, касбининг моҳири бўлгани жамоада ҳурмат- обрў келтирди. 1982 йилда шифохонада гастроэнтерология бўлими очилиб, бўлим мудирлиги унга топширилди. Ишонч унга яна масъулият юклади. Тиббиётдаги янгиликларни амалиётда қўллаши, гастроэнтерологиянинг энг нозик томонларини ўрганиш, республика, Россия шаҳарларида малака ошириши унга яна соғайган беморлардан раҳматлар, рағбатлар ёғдирди. Ёнида бирга ишлаган Тоҳиржон Бойдадаев, Қаҳрамон Қодиров, Алишер Рафиқов, Олимжон Қосимов ва кўплаб шогирдлари бугун вилоятда таниқли шифокор, мутахассис, олим бўлиб эл дуосини олаётганидан мамнун.
- Мен институтни тамомлагач Ҳошимжон ака билан бирга ишлаганимдан, у кишидан тажриба ўрганганимдан фахрланаман, - деди УТТ мутахассиси Қудратжон Турсунов. - Устоз 68 ёшда ҳам бардам, тетиклар. Ҳамиша омон бўлишсин.
Суҳбатимиз асносида, ҳамон сафда, ёшлардек ғайратли, олий тоифали гастроэнтеролог Ҳошимжон ака ошқозон-ичак касалликларига чалинмаслик учун бир неча оддий тавсиялар берди.
- Энг аввало, - деди у, - ҳар бир инсон овқатланиш режимига қатъий риоя қилсин. Эрталабки нонуштага, айниқса, оч қоринга цитрус мевалар истеъмол қилмаслик керак. У аллергик реакцияга туртки бериб, гастритни ривожлантиради. Саримсоқпиёз, консерваланган ва дудланган маҳсулотлар гастроспазмга сабаб бўлади. Нонуштада ейилган бодринг, қалампир ва карам ошқозон шиллиқ қаватига таъсир этади. Соғлом яшайман, деган ҳар бир инсоннинг кунлик режими бўлиши шарт. Саломатлик инсон ҳаёти безаги, умри гултожидир. Ҳаёт эса ҳаракат, ҳаракат эса ҳаётдан иборат эканлигини унутмаслик даркор. Жамият ривожи, куч-қудрати ҳам соғлом кишилар қўлида. Президентимизга раҳмат, "Кексаларни эъзозлаш йили" да бизларга катта ғамхўрлик, эътибор кўрсатиляпти. 7-оила поликлиникамиз бош шифокори Мастурахон Абдусолиева раҳбарлигида ҳудудимиз аҳолисига беминнат тиббий хизмат кўрсатаверамиз.
Салкам 40 йиллик иш фаолиятига эга Ҳ.Тожибоев нафақага чиққач ҳам уйда тек ўтирмади. Ҳали инсонларга кераклигини ҳис этиб, ҳозирда ҳам меҳнатини аямаяпти. Биз ҳам унга асло толманг, деймиз.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.