Яқинда Поп шаҳрининг "Буюк ипак йўли" маҳалласида яшовчи 73 ёшли меҳнат фахрийси Софияхон Мирсултонова учун кутилмаган воқеа юз берди. Нуроний педагогни ҳамкасбларгина эмас, бир гуруҳ таниқли шифокорлар Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлашди ҳамда уни тиббий кўрикдан ўтказишди. Худди шундай эҳтиром халқ таълими фидойиси Музафотхон ая Аҳмедовани ҳам беҳад мамнун этди. Улар саломатлик посбонларига кўрсатилган эътибор ва эҳтиром учун ташаккурлар билдиришди.
Бу – вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази малакали шифокорларининг Поп туманидаги бир кунлик амалий фаолияти дебочаси эди. Аслида кун давомида туман аҳлига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси белгилаган жадвалга асосан марказ вакиллари бош шифокор Низомиддин Отамирзаев бошчилигида ҳудудда бўлдилар.
- Марказимизнинг энг малакали ва тажрибали 15 нафар тор соҳа мутахассислари билан келдик, – дейди Н. Отамирзаев. – Гуруҳ таркибида уролог, жарроҳ, ревматолог, гастроэнтеролог, невролог, аллерголог, травматолог, кардиолог, нефролог ва ЛОР врачлари бор. Биринчи навбатда аҳоли вакилларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказамиз, қолаверса, туман марказий шифохонасига ётқизилган беморларни даволаш ишлари қандай бораётганлигини ўрганамиз ва маҳаллий ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашамиз.
Вилоятнинг таниқли шифокорлари ташрифи турли касалликлардан азият чекаётган беморлар учун айни муддао бўлди. Улар туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик олиб боришди. КТМП раҳбари Фарида Умарова етакчилигидаги тиббиётчилар "меҳмон"ларга ҳар томонлама кўмак бериб туришди.
Машҳур уролог Сайфиддин Мамадалиев қабулидан чиқаётган Манзура Парпиева ғоят мамнун эди. Боиси, тажрибали мутахассис бемор саломатлиги ҳолатини ҳар тарафлама ўрганиб, уни тўла соғломлаштириш учун янада чуқур тиббий текширувдан ўтказиш лозимлигини айтди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида замонавий тиббий қурилмалар воситасида тиббий кўрикдан ўтиши учун М. Парпиевага шу ернинг ўзида имтиёзли йўлланма ҳам тутқазилди.
Шу куни С. Мамадалиев яна йигирма бир нафар хастаҳолни соғлом ҳаётга қайтариш учун тегишли тавсияларини берди. Гастроэнтеролог Абдували Асқаров, кардиолог Музаффар Олимжонов, жарроҳ Шерзод Сиддиқов, ревматолог Абдурашид Камолов, невролог Аббос Адашев, нефролог Муҳамадбобур Иномиддинов, отоларинголог Ҳасанбой Абдураҳмонов, травматолог Абдураҳим Йўлдошев, аллерголог Даврон Ўринов ва бошқалар поплик беморларнинг узоғини яқин қилишди. Касаллиги аниқланган беморларга эса даволаниш учун зарур маслаҳатларини аяшмади ва тавсиялар берилди.
Намангандан келган саломатлик посбонлари бир куннинг ўзида 267 нафар фуқаронинг тиббий кўрикдан ўтишига эришдилар. Туман тиббиёт бирлашмасининг жарроҳлик, гастроэнтерология, кардиология ва нефрология бўлимларига бир нафардан, травматология ва аллергология бўлимларига икки нафардан, нейрожарроҳлик бўлимига эса уч нафар бемор ётқизилди. Турли касаллиги аниқланган 25 киши эса вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида саломатлигини тиклайдиган бўлди.
– Эл бахту саодати, халқ саломатлиги йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимизга раҳмат. Вилоятимизнинг энг тажрибали тиббиёт мутахассислари ҳар ҳафта туманимизга келиб, турли касалликларнинг олдини олиш мақсадида иш олиб боришяпти. Мен ҳам уларнинг мадади билан дарддан халос бўлдим, – дейди Маҳмуджон ота Тожибоев.
Бундай миннатдорчилик изҳорлари беморлар хонадонларига ташрифлар, марказий шифохона бўлимларида даволанаётган хастаҳоллар ҳолидан хабар олишлар чоғида ҳам кўп бор айтилди. Қисқаси, тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ўтказилаётган "Саломатлик" акцияси самараси ўлароқ ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаяпти.
Ҳа, "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун!" шиори остида давом этаётган тиббий тадбирлар ана шундай ижобий натижалар бераётир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.