Икки йилдирки, соғлиқни сақлаш соҳасида кечаётган ислоҳотлар доирасида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёни бормоқда. Айни пайтда бу амалиёт тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида татбиқ этиляпти. Яқин орада бутун мамлакат миқёсида ушбу тизимга ўтилади. Республика давлат тиббий суғурта жамғармасининг ҳудудий мутахассиси Мухторжон Жўрабоев билан мулоқотимиз мазкур янгиликнинг мазмун-моҳияти ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида кечди.
– Мухторжон Абдулҳаевич, суҳбатимиз аввалида Давлат тиббий суғуртасини амалиётга киритишдан кутилаётган мақсад ва вазифалар ҳақида тушунча берсангиз.
– Кейинги йилларда мамлакатимиз тиббиётида инқилобий ўзгаришлар амалга ошириляпти. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ аҳолига замон талабларига мос ва малакали тиббий хизмат кўрсатадиган тизим шакллантирилмоқда. Бинобарин, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги моделларидан бири – бу давлат тиббий суғуртаси механизмидир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган моделнинг мақсади аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, бирламчи тиббий-санитирия ёрдами кўламини кенгайтириш, соҳага босқичма-босқич тиббий суғурта тизимини жорий этиш, тиббий хизматлар бозорида рақобат муҳитини яратиш, шу асосда аҳолининг кафолатланган ва сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятларини кафолатлашдан иборат.
– Мазкур фаолиятни тартибга соладиган ва бошқарадиган тузилма мавжуд. Шу ҳақда ҳам батафсилроқ маълумот берсангиз.
– Дарҳақиқат, 2020 йил 1 декабрдан ташкил этилган Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ҳам қатор вазифалар белгиланган:
Яъни, давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
аҳолининг барча қатламларини кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этиш;
тажриба-синов лойиҳаси доирасида Давлат бюджетидан кафолатланган пакетни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган маблағларни жамлаш, бошқариш, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ташкил этиш;
тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизимини республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш.
– Албатта, республикамизда бу вазифалар изчил татбиқ этилмоқда. Хусусан, давлат тиббий суғурта тизимига тараддуд Наманганда қандай боряпти?
– Бизда ҳам тараддуд ишлари авжида. Бу жараён бир неча йўналишларда кетяпти. Биринчидан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини давлат тиббий суғуртаси асосида ишлашга ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Уларнинг моддий-техник имкониятлари кенгайтирилмоқда. Оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида ахборот-коммуникация технологиялари такомиллаштирилмоқда. Аниқроғи, "Электрон поликлиника" фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга шифокор олди кўрув хоналари ташкил этилмоқда.
Албатта, давлат тиббий суғуртаси асосида иш олиб бориш амалдаги тиббий хизмат кўрсатиш тартибларидан тубдан фарқ қилади. Энди шифокор ёки ҳамшира кунбай ишлаганига қараб эмас, қанча беморга сифатли ва малакали хизмат кўрсатганига қараб ҳақ олади. Бир сўз билан айтганда, бозор механизмлари талаблари устувор бўлади. Шунинг учун тиббиёт ходимларининг билим ва тажрибасини бойитиш ҳам диққатимиз марказида турибди. Тиббий бригадалар шаклланмоқда. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия йўналишлари бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳлар тузилади.
Ҳар бир тиббиёт муассасасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади. Кафолатланган пакет бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва шифохоналарда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади.
– Вилоятимиз ҳали давлат тиббий суғуртасига ўтмаган бўлсада, Жамғарма маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга киришилди. Шундайми?
– Албатта, тайёргарлик ишларини кучайтириш билан бирга жамғарма ҳисобидан юқори технологик жарроҳлик амалиётлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида имтиёзли тоифага кирувчи 103 нафар бемор 2 млрд. 400 млн. сўм маблағ эвазига соғломлаштирилди. Батафсилроқ ифодалайдиган бўлсак, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида ўнлаб юртдошларимизнинг саломатлиги тикланишида Жамғарманинг молиявий кўмаги муҳим роль ўйнади. Эндиликда вилоятимиздаги нуфузли нодавлат тиббиёт масканларини ҳам бу эзгу ишга жалб этиш кўзда тутилмоқда.
– Куни кеча Жамғарма томонидан ўтказилган амалий анжуманда иштирок этдингиз. Унинг тафсилотлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Суҳбатимиз аввалида қайд этилганидек, икки йил мобайнида давлат тиббий суғуртаси тизимини йўлга қўйишда муайян тажриба тўпланди. Ташкилиий-тарғибот ишлари олиб борилди. Кейинги босқичда яна нималар қилиниши лозимлиги ҳақида батафсил тушунча берилди. Тиббиёт ходимларини ўқитиш, бирламчи тизим фаолияти самарадорлигини ошириш, кафолатланган тиббий хизматлар ҳажмини кенгайтириш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш шулар жумласидандир.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.
Абдулла ҒОЗИЕВ.