Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари фақат шифохонага ётқизилганларни даволаш билангина кифояланиб қолишаётгани йўқ. Айни маҳалда ҳар ҳафтанинг шанба куниси уларнинг бир гуруҳи туманларга чиқишиб, жойлардаги ҳамкасбларига амалий ёрдам кўрсатишяпти. Ота-оналарнинг узоғини яқин қилишяпти. Чунки, турли касалликларга чалинган фарзандларининг дардларига малҳам излаб Наманганга – Ирвадон маҳалласидаги тиббиёт марказига 50-70 километр йўл босиб боришларига ҳожат қолдирмасликка уринишяпти.

Албатта, вилоят мутахассисларининг ташрифлари ҳақида туман тиббиёт бирлашмалари тизимидаги патронаж ҳамширалар чекка-чекка қишлоғу маҳаллаларда яшовчи ота-оналаргача аввалдан хабар етказишяпти. Бу гал Косонсой туманида ҳам худди шундай қилинди. Кўп тармоқли марказий поликлиниканинг шаҳардаги болалар бўлими эрталабдан ғоят гавжумлашгани боиси ана ўшанда. Лекин даво истаб ёки тиббий кўрик учун жажжи боласини бағрига босган оналару, боғча ёшидаги ва мактабнинг бошланғич синфларида билим олаётган ўғил-қизларини етаклаб олган оталар кўп бўлишига қарамай, ортиқча муаммолар туғилмади. Поликлиника фойесида кутиб олаётган, тезда рўйхатдан ўтказиб, қайси хонага киришлари хусусида йўл-йўриқ бераётган Муяссар Мирзаева билан Муқаддас Каримовалар беморларга керагича илтифот кўрсатиб туришди, десак асло муболаға эмас. Ахир вилоятдан ташриф буюрган юқори малакали меҳмонлардан кўпроқ фойдаланиб қолиш зарур эди-да.

– Бўлимимиз 150 қатновга мўлжалланган, – дейди мутасадди-педиатр Шаҳзода Қосимова. – Бугун врачларимиз икки бараварга ортди. Яъни ҳам ўзимизникилар, ҳам вилоятдан кўмакка келганлар аҳолига хизмат кўрсатишмоқда. Бир йўла бемор кўришяпти ва маҳорат сабоғини олиб боришяпти. Тажрибага бой мутахассислар ёрдамига нима етсин.

Бу жуда тўғри эътироф эди. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Наврўзхон Сайфуллаевнинг айтишича, вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг 2022 йил 30 августдаги кўрсатма хати асосида ташкилланаётган бу каби тадбирлар яхши самара бераётир. Жумладан, ВБКТТМ бош врачи ўринбосари Ҳошимжон Саидқулов раҳбарлигида кардиолог Нилуфар Шамсиддинова, травматолог Алишер Убайдуллаев, аллерголог Манзура Ҳожиматова, жарроҳ Сайфулло Раҳимов, офтальмолог Бобуржон Иминов, невропатолог Қодирхон Акмалов ва бошқаларнинг саъй-ҳаракати билан кун давомида анчагина беморларнинг тиббий кўриги амалга оширилди. Яъни болалар аппаратларга туширилди, синчиклаб текширилди, ота-оналари билан суҳбатлашган ҳолда ташхислар қўйилди, зарур муолажалар буюрилди. Жами 103 нафар бемор қабул қилинишига эришилди.

Тиббий текширув натижаси туфайли 10 нафар бемор амалиёт ўтказиш ва маслаҳат учун Республика даражасидаги муассасаларга йўналтирилди. Улар ичида Аҳлиддин Парпиев, Муслима Мамарасулова, Исомиддин Исмоилов, Дилнура Қосимхонова, Мухлиса Ғуломжонова, Муҳаммадсодиқ Иброҳимов сингари турли дардлардан озор чекаётган болалар бор.

Шунингдек, 12 нафар бемор вилоятда даволанишга танлаб олинди. 22 нафар ўғил-қизга туман шифохонасининг ўзида муолажани бошлаш мақсадга мувофиқ деб топилди. Кўпчиликка амбулатор шароитда даволаниши лозимлиги тавсия қилинди.

Биз навбатма-навбат хоналарга кириб, боласини врачларга кўрсатиб, мамнун ҳолда чиқаётган ота-оналарни саволга тутганимизда, улар бугунги тадбирдан жуда хурсанд эканликларини баён этишди.

– Қизим Моҳина асаб хасталигига чалинган, вилоятга олиб бориб даволатиб турамиз, – деди бемор қизчанинг отаси Баҳодирхон Бобохонов. – Энди дўхтирларимизнинг ўзлари Косонсойга келишди.Бизга кеча хабар беришганларидаёқ узоғимиз яқин, мушкулимиз осон бўлар экан деб қувонгандик. Мана, невропатологга қизимизни кўрсатиб, бундан буён қандай дорилар ичириб, нималар қилиб боришимиз ҳақида зарур маслаҳатлар олдик. Эзгу тадбир ташкилотчиларига мингдан-минг раҳматлар айтамиз.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари фақат юқоридаги юмушлар билангина шуғулланиб, қолишмади. Улар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича тумандаги даволаш муассасаларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди, учраган камчиликларни эса кечиктирмасдан тузатиш учун зарур йўл-йўриқларини ҳам беришди.

Ҳа, дарвоқе, шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси вакиллари биргаликда 6 нафар фахрий-устозларнинг хонадонларига ҳам ташриф буюришди. Улар Ўқитувчи ва мураббийлар байрами билан қутлашиб, ёши улуғларни тиббий кўрикдан ўтказишиб, эсдалик сов­ғаларигача тарқатишди.

Содиқ САЙҲУН.